Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ҳарбий қаноти «Ал-Қассам бригадалари» гаровга олинган исроилликларнинг иккинчи гуруҳини озод қилиш ортга сурилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Қатарнинг Al-Jazeera телеканали гуруҳга таяниб хабар берди.
Қайд қилинишича, ҲАМАС Исроилни сулҳ шартларини бажармаганликда, жумладан, инсонпарварлик ёрдами ортилган юк машиналарини Ғазо шимолига киритмаётганликда ва фаластинлик маҳбусларни қўйиб юбормаётганликда айблаган. Шу сабабли гаровга олинган исроилликларни озод қилишдан бош тортмоқда. Al-Jazeera қайд этганидек, ҲАМАС Исроилдан биринчи навбатда катта ёшдаги маҳбусларни озод этишни талаб қилмоқда.
Ўз навбатида, Исроил сулҳ шартларини бузганини инкор этмоқда. BBC нашрининг ёзишича, Исроил гаровга олинганларнинг иккинчи гуруҳи 25 ноябр ярим тунгача озод этилмаса, Ғазо секторида жангларни қайта бошлаш билан таҳдид қилмоқда.
Исроил расмийлари ҲАМАС ҳарбий қаноти баёнотига ҳозирча изоҳ бермаган.
ҲАМАС 25 ноябр куни 42 фаластинлик асир озод этилиши эвазига гаровга олинган 13-14 кишини қўйиб юбориши кутилганди.
Аввалроқ, Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторида ўт очишни вақтинчалик тўхтатишга келишиб олди. Келишув доирасида ҲАМАС гаровга олинган 50 нафар аёл ва болани озод қилади. Бунинг эвазига Исроил ҳукумати 150 нафар фаластинликни қамоқдан чиқариб юборади. Келишувга кўра, гаровдагилар ва маҳбуслар 1/3 нисбатда озод этилади.
24 ноябр куни ҲАМАС гаровга олинган исроилликларнинг биринчи гуруҳини – 13 нафар аёл ва болани озод қилди. Исроил 39 нафар фаластинлик маҳбусни қамоқдан қўйиб юборди, шунингдек, инсонпарварлик ёрдами ортилган 200 та юк машинасининг Ғазо секторига киришига рухсат берди. Исроил ҳарбийларига кўра, Ғазо секторининг шимолий қисмига 50 та машина етиб борган.
Исроил армиясининг маълум қилишича, ҲАМАС билан 4 кунлик сулҳ муддати тугуганидан кейин Ғазо секторида жанглар давом эттирилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг