Россия Федерацияси Давлат думаси спикери Вячеслав Володин мамлакатдаги сайловларда эҳтимолий сохталаштиришлар содир этилганидан кейин Сербияда бошланган норозилик намойишларига изоҳ берди. У ҳозирги Сербия ҳукуматини «кўпчиликнинг танловини ҳимоя қилишга» чақирди. «Акс ҳолда нима содир бўлиши ҳаммага яхши маълум: мамлакат мавжуд бўлишни тўхтатиши мумкин», — деб ёзди Володин 26 декабр, сешанба куни ўзининг Telegram-каналида.
Шу билан бирга, россиялик депутат Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқини «тўнтаришга уринишни ташкиллаштиришда» ва «вазиятни ташқаридан издан чиқаришга уринишда» айблади. Сербияда парламент ва маҳаллий сайловлардан кейин бир ҳафтадан ортиқ вақтдан бери норозилик намойишлари давом этмоқда. «Сербия зўравонликка қарши» мухолифат сиёсий коалицияси тарафдорлари эҳтимолий сохталаштириш ҳолатларига қарши норозилик билдирмоқда.
Сербияда сайлов натижалари ва эҳтимолий сохталаштириш
Сербияда сайловлар 17 декабр куни бўлиб ўтди. Президент Вучичнинг ҳукмрон ўнг қанот популист Сербия прогрессив партияси (SNS) Халқ ассамблеясига (бир палатали парламент) сайловларда қарийб 47 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Мухолифатдаги «Зўравонликка қарши Сербия» 23 фоиз тўплаган.
Эртаси куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи парламенти ва Европа кенгаши вакилларидан иборат халқаро кузатувчилар миссияси сайлов участкаларида қатор қонунбузарликлар, хусусан, зўравонлик, овозларни сотиб олиш ва сохта сайлов бюллетенларини ташлаш ҳолатлари ҳақида хабар берди. Вучич сохталаштириш бўйича айбловларни рад этяпти.
Норозилик намойишларининг кучайиши
18 декабр куни Белградда минглаб намойишчилар иштирокида бошланган норозилик намойишлари 24 декабр, якшанба кунигача тинч давом этди, сўнг юзлаб намойишчилар пойтахт шаҳар маъмурияти биносига бостириб киришга уринди, улардан баъзилари бино ойналарини синдирди. Полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, ўнлаб одамлар қўлга олинган.
25 декабр куни Сербия президенти Александр Вучич Сербиянинг қонуний сайланган ҳукуматини ағдаришга уриниш ва тартибсизликларни хориждан уюштирилган деб атади. Сербия полициясига кўра, намойишлар чоғида камида 38 киши қўлга олинган. Улар конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш ва ҳукуматни ағдаришга уриниш, шунингдек, зўравонлик ҳаракатларида айбланмоқда. Тўқнашувлар натижасида саккиз нафар полиция ходими жароҳатланган. Намойишчилар, ўз навбатида, полицияни уларга нисбатан асоссиз зўравонлик қўллаганликда айбламоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг