17:35 / 11.01.2024
150

Германия Саудия Арабистонига 150 та Iris-T ракеталарини етказиб беради

Германия Саудия Арабистонига 150 та Iris-T ракеталарини етказиб беради

Фото: missilery.info

Германия ҳукумати Саудия Арабистонига яна қурол етказиб бермоқда. Федерал хавфсизлик кенгаши 2023 йил охирида Ар-Риёдга Iris-T инфрақизил мосламали «ҳаво-ҳаво» модификациясига эга 150 та ракета етказиб беришни маъқуллади, дея тасдиқлади Германия ҳукумати вакили Штеффен Хебештрайт 10 январ, чоршанба куни.

Шу тариқа, Берлин узоқ вақтдан бери биринчи марта Ар-Риёдга қурол экспорт қилишни маъқуллади. 2018 йилнинг ноябрида Германияда ўша пайтдаги ҳукмрон «катта коалиция» Саудия Арабистонига қурол-яроғ етказиб беришни тақиқлаган эди, чунки Ар-Риёд Ямандаги урушда қатнашгани ва журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишига алоқадор экани тахмин қилинган.

Eurofighter қирувчиларининг етказиб берилиши

Der Spiegel нашри ёзишича, НАТО бўйича ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларда ишлаб чиқарилган қурол ва бутловчи қисмлар, жумладан, Британиянинг BAE Systems компаниясининг Саудия Арабистонига экспорт қилинаётган Eurofighter қирувчиси тақиқланмаган. Саудия Арабистонида бундай самолётларнинг 72 таси бор, улар энди Iris-T ракеталари билан жиҳозланади.

Британия, шунингдек, Ар-Риёдга Eurofighter’нинг янги партиясини етказиб беришни режалаштирмоқда ва Германия ҳукумати бунга аралашмайди, деди яқинда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок.

2023 йилдаги сўнгги йиғилишида Федерал хавфсизлик кенгаши Исроилга сувости кемаси, Бундесвер арсеналидан Покистонга учта миналарни аниқлаш кемаси ва Гуржистонга 300 та танкка қарши портатив гранаталар етказиб беришни ҳам маъқуллади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё