14:00 / 01.03.2024
412

Бербок Днестрбўйи ва Украинадаги вазиятни солиштирди

Бербок Днестрбўйи ва Украинадаги вазиятни солиштирди
Фото: AP
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Днестрбўйидаги мавжуд ўзгаришлар ва Украина шарқидаги вазият ўртасида ўхшашлик борлигини билдирди. «Россия бир неча йиллардан бери Украинадаги озчиликлардан ўз мақсадлари учун фойдаланмоқда. у Молдовадаги сепаратистлардан фойдаланиб, худди шу сценарийга пул тикмоқда», — деб ёзди у 29 феврал, пайшанба куни X ижтимоий тармоғида.

«Молдова ёлғиз эмас, унинг кучли дўстлари бор, - дея қўшимча қилди Бербок. - Ҳеч бир давлат Россиянинг ҳовлиси эмас ва уни беқарорлаштиришга йўл қўйиб бўлмайди».

Франция баёнот билан чиқди

Франция ташқи ишлар вазирлиги ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. Вазирликнинг Париждаги расмий вакили, хусусан, «Россия томонидан уюштирилган» Молдовада «барқарорликни бузишга қаратилган тобора тажовузкор уринишлар»га ишора қилди. «Москва томонидан бўлгинчиларни ҳеч қандай мухториятсиз ҳимоя қилиш талаби ҳаммага маълум сценарийдир», - дея қўшимча қилди вазирлик вакили.

Франция ташқи ишлар вазирлиги «Россиянинг кучайиб бораётган тажовузкорлиги фонида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш зарур» деб ҳисоблайди. Айни пайтда, бу тажовузкорлик, шунингдек, Москва «Россияни мағлуб этишга қарор қилган европалик ҳамкорлар олдида асабийлашаётганидан далолат беради», дея қўшимча қилди Франция ТИВ расмий вакили.

Россияга ёрдам сўраб мурожаат қилиш тўғрисида Днестрбўйи декларацияси

Бир кун олдин, 28 февралда тан олинмаган «Днестрбўйи Молдавия Республикаси»нинг «барча даражадаги депутатлар қурултойи» декларацияни тасдиқлади, унда Федерация кенгаши ва Давлат думасига мурожаат қилиш зарурлиги кўрсатилган. Бунда, Россия Федерациясидан «Днестрбўйи Молдавия Республикаси ҳудудида 220 мингдан ортиқ Россия фуқароси доимий яшаши фактини ҳисобга олган ҳолда, Молдова томонидан босим кучайган шароитда Днестрбўйини ҳимоя қилиш чораларини амалга ошириши» илтимос қилинган.

Ҳужжатда, жумладан, БМТ бош котиби, МДҲ, Европарламент, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа ташкилотларга Кишинёв ва Тираспол ўзаро муносабатларининг янада кескинлашувига ҳамда «Молдова босими ва днестрбўйиликлар ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига» йўл қўймаслик талаби билан мурожаат юбориш зарурлиги ҳақида сўз боради.

Шу куни Россия ташқи ишлар вазирлиги РФ тегишли идоралари тан олинмаган «Днестрбўйи Молдавия Республикаси» «депутатлари қурултойи»нинг Днестрбўйи ҳимояси бўйича мурожаатини кўриб чиқишини маълум қилди. «Днестрбўйи аҳолиси, ватандошларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардан биридир», — дея маълум қилди Россия ТИВ журналистларга. Смоленская майдонидаги идора «барча сўровлар ҳар доим Россиянинг тегишли идоралари томонидан диққат билан кўриб чиқилади», деб қўшимча қилди.

Полша бош вазири Доналд Туск 28 феврал куни Днестрбўйидаги вазиятнинг ривожланишига муносабат билдирар экан, уни «хавфли» деб атади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё