date
views 842

Словакия бош вазири суиқасд оқибатида яраланди (видео)

Словакия бош вазири суиқасд оқибатида яраланди (видео)
Фото: Видеодан кадр
Словакия бош вазири Роберт Фицо мамлакат ҳукумати аъзолари йиғилишидан кейинги отишма оқибатида жароҳатланган.

Маҳаллий нашрларга кўра, Фицога Гандлова шаҳрида (пойтахт Братиславадан 190 километр масофада) суиқасд уюштирилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Фицо ҳукумат йиғилишидан кейин маҳаллий аҳоли вакиллари билан кўришган, улардан бири эса унга қарата ўт очган. Натижада бош вазир ерга йиқилган, унинг кўкрак соҳаси ва қорин қисмига жароҳат етказилгани айтилмоқда.

Бош вазир вертолётда Братиславадаги шифохонага олиб кетилган. Унинг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда.

Pravda нашри ҳужумдан кейин олинган видеони намойиш этган, унда Фицо букчайганча хизмат автомобилига чиқаётгани акс этган.

HNonline.sk нашри ёзишича, полициячилар ҳужум қилган шахсни дарҳол қўлга олишган.

У Словакиянинг Левице шаҳридан бўлган 71 ёшли шахс экани аниқланган.

Гандлова шаҳрида Роберт Фицога ҳужум қилган шахснинг қўлга олиниши
Radovan Stoklasa / Reuters / Scanpix / LETA

Гандлова шаҳрида ўтказилган йиғилишда ҳукумат аъзолари Словакиянинг икки ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни муҳокама қилишганди.

Путиннинг Европадаги дўсти

Роберт Фицо 2023 йил октябрида парламент сайловларида унинг «Курс — социал демократия» партияси ғолиб чиққач, ҳукумат раҳбарлигига келганди. Сайловолди кампанияси чоғида Роберт Фицо Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилишига қарши эканини айтганди.

Унинг бошчилигидаги Словакия ҳукумати Украинага 40,3 млн евролик ҳарбий ёрдам пакетини блоклади.

Фицо Словакия Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини маъқулламаган ва буни «энг катта маъносизлик» деб атаган.

У мамлакат бундан буён Киевга ҳарбий ёрдам ажратмаслигини маълум қилган, Ғарбнинг Украинага ёрдами маънога эга эмаслиги ва фақат қурбонлар сони ортишига олиб келишини таъкидлаган.

Фицо Россияга қарши санкциялар «Словакия аҳолиси ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатиши»ни билдирган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Словакия бош вазири суиқасд оқибатида яраланди (видео)