22:22 / 22.10.2024
42

Миллиардерни вояга етказган она — Мей Маскдан 12 та ҳаётий тавсия

Миллиардерни вояга етказган она — Мей Маскдан 12 та ҳаётий тавсия
Фото: Дзен
Tesla ва SpaceX компаниялари асосчиси Илон Маскнинг онаси Мей хоним модел ва диетолог бўлиб, унинг “Режали аёл” асари бесцеллер китоблардан биридир. Мей Маск муваффақиятли она бўлиш, уч нафар фарзандни турмуш ўртоқсиз етук инсон қилиб тарбиялай олиш билан бирга омадли карьерасини ҳам қура олган кучли аёл. Қуйида фарзанди миллиардер бўлишига катта ҳисса қўшган Мей Маск томонидан берилган бахтли ҳаёт кечириш учун жуда оддий, аммо илҳомлантирувчи маслаҳатлари билан бўлишамиз.

Ўзингизни асранг

Ҳаёт фақат ёшликдаги фаол давр билан чегараланиб қолмайди. Ҳар қандай ёшда ҳам ўзингизни ҳар томонлама ривожлантириш ва соғлиқни сақлашга эътибор бериш муҳимдир. Мей шундай дейди: “Ёш ўтгани сайин ҳаётингиз секинлашишига ёки ривожланишдан тўхтаб қолишингизга йўл қўйманг. Ўзингизга иложи борича ғамхўрлик қилишни унутманг: яхши овқатланинг, кўпроқ табассум қилинг ва ўзингизга бўлган ишончни сўндирманг.

Ўзингизга мос ва севимли ишни топинг

Мей Маскнинг сўзларига кўра, ишингизни севиш ва унинг қизиқарли бўлиши муҳим, чунки сиз куннинг асосий қисмини иш жойида ўтказасиз.

Барча муаммонинг ечими топилишига ишонинг

“Сочимдаги биринчи оқ тола карьерамни ривожлантиришга туртки беради, деб ким ҳам ўйлабди? Ўн беш ёшимда менга ўн саккизга кирмасимдан карьерам тугайди, дейишар эди. Ҳозир етмиш бир ёшимда эса ҳар қачонгидан ҳам машҳурман. Ҳаёт менга барча нарсанинг ечими бор эканлигини ўргатди. Мақсад сари интилишда режаларни ўзгартириш мумкин экан. Ҳа, мен буни аввалроқ англаб етмадим, лекин ҳали ҳам ўрганиш ва билим олишда давом этяпман”, дейди Мей хоним. Унинг фикрича, барча йирик кашфиётлар ёшликда ва навқирон пайтда қилиниши стереотипдир.

Доимо банд бўлинг, шунда ўтиб бораётган ёшингиз ҳақида қайғуришга вақт топа олмайсиз

Ёшимизга қўшилган йилларни юк сифатида қабул қилмаслик учун ажойиб мисол: “Мен ёшим ҳақида қайғурмайман, чунки қалбимга қувонч олиб келадиган муҳим ишларим билан бандман”. Демак, эътиборимизни асосан муҳим нарсаларга қаратишимиз керак.

Устувор қадриятларни белгилаб олинг

“Инсонга бериладиган таърифлар жуда кўп, аммо менинг қабр тошимга “У гўзал аёл эди” деб эмас, балки “У қизиқарли инсон эди” деб ёзилишини маъқул кўраман”. Ўзингиз учун нималар муҳимлигини тушуниш, капиталингиз сизга янги билимларни эгаллашга ёрдамчи ресурс эканлигини билиш мақсадларга эришишга ёрдам беради.

Муаммоларни ҳал қила билинг

Мей Маск қандай кийим танлаш ва мода борасидаги саволларга жавоб топиш учун қуйидагини тавсия қилади: “Агар сизга дид етишмаса, унда диди бор инсонлар билан дўстлашинг”. Ақлли инсонлар даврасида вақт ўтказиш ривожланиш учун эркин муҳит яратади. Бу қоида модага ҳам тааллуқли.

Ўзингизга сармоя киритинг

“Кўпчилик гўзал кўриниш учун кўп пул керак, деб ҳисоблайди. Сизга узоқ йиллар давомида молиявий қийинчиликни бошидан ўтказган одам сифатида айтаман: кийим-кечак харажатларини йиллик бюджетингизнинг бир қисми сифатида кўриб чиқинг. Худди шу қоида сартарош ва стоматологга ташриф буюриш учун ҳам амал қилади. Аввалдан йиллик бюджетни тузиш ва унга риоя қилиш молиявий саводхонликнинг асосидир.

Ўзингизга бўлган паст ишонч ҳақида кўп қайғурманг, эҳтимол, ёш ўтиб вазият яхшиланади

“Агар сиз табиатан ўзига ишончи баланд инсон бўлсангиз ҳам, вақти-вақти билан бу туйғу бир оз тушади ёки кўтарилади. Ўзликка ишонч ёшингиз улғайгани сари турғун бўла бошлайди ва ҳаётга кўпроқ оптимист кўзи билан қарай бошлайсиз”. Бу гаплар билан Мей Маск ўзингизга бўлган ишончнинг баъзан йўқолиши табиий ҳолат, асосийси, бир жойда туриб қолмаслик лозимлигини уқтирмоқчи бўлган.

Энг яхшисига эмас, ўзингизга маъқул нарсага интилинг

Ўта перфекционистлар учун тавсия: “Айнан сиз учун керакли ва фойдали бўлган нарсага интилинг ва мутлақо барча ишда энг яхши бўлишга ҳаракат қилманг”.

Қизиқишлар пайдо бўлганда иккиланманг

Ривожланиш бўйича миллиардернинг онасидан яна бир тавсия: “Мен ўзимни қизиқтирган бирор нарсага рози бўлишдан олдин узоқ вақт ўйлаб ўтирмайман. Менда қизиқиш уйғотадиган, завқлантирадиган ёки молиявий аҳволимни яхшилайдиган барча ишга “ҳа” дейман”.

Муносабатларда зўравонликка ҳеч қачон тоқат қилманг

“Агар омон қолишни истасангиз, сизга зўравонлик қиладиган, ерга урадиган ва доим хафа қиладиган одам билан муносабатлардан воз кечишингиз кераклигини билишингизни хоҳлайман. Никоҳимда тўққиз йил зўравонликка чидадим. Ажрашганимдан кейин елкамдан оғир юк тушгандек бўлди ва ниҳоят келажакка умид билан қарай бошладим”. Мей хонимнинг собиқ турмуш ўртоғи унга тажовузкор муносабатда бўлган, аммо Маск бу воқеани енгиб ўтишга ҳамда ўзи ва уч фарзандининг ҳаётини сақлаб қолишга куч топган.

Агар ўзгаришларни истасангиз, режа тузинг

“Ўзингиз истаган ҳар қандай ўзгаришларга етишишдан аввал барча ишга режали ёндашинг. Ҳатто кичик мақсад бўлса ҳам сизга аниқ ва пухта режа керак бўлади”, дейди Маск.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Миллиардерни вояга етказган она — Мей Маскдан 12 та ҳаётий тавсия