23:49 / 18.11.2024
9

АҚШ Россия билан чегара яқинида ядровий бомба ташлашни машқ қилди

АҚШ Россия билан чегара яқинида ядровий бомба ташлашни машқ қилди
Фото: НАТО Бирлашган ҳаво қўмондонлиги
Американинг B-52H Stratofortress стратегик бомбардимончи самолётлари Калининград вилояти яқинида жойлашган Куджел полигонида бомбардимон машғулотини ўтказди, дея хабар бермоқда НАТО Бирлашган ҳаво қўмондонлиги.

Маълум бўлишича, операция Италия ва Германия ҳарбийлари билан келишилган ҳолда амалга оширилган.

Манёврлар олти километр баландликдан лазер ёрдамида бошқариладиган бомбаларни ташлашни ўз ичига олган. Ўқув тадбири АҚШнинг Европадаги ротацион кучлари томонидан ташкил этилган Vanguard Merlin тактик дастурининг бир қисми бўлган.

АҚШнинг B-52 бомбардимончи самолётларини Европада жойлаштириш НАТОнинг иттифоқчиларни ҳимоя қилишга ва потенциал таҳдидларнинг олдини олишга тайёрлигини намойиш этиш учун мунтазам амалиётидир.

Фото: НАТО Бирлашган ҳаво қўмондонлиги
Ноябрь ойи бошида Қўшма Штатлар Буюк Британиядаги Милденҳолл авиабазасига тўртта шундай самолётни жойлаштирган эди. Ўшандан бери самолётлар Финляндия, Швеция, Шимолий денгиз ва Литва устидан бир қатор парвозларни амалга оширган.

The Wall Street Journal (WSJ) нашри президент Жо Байден маъмуриятидаги манбаларига таяниб, Қўшма Штатлар жойлаштирилган ядро каллаклари сонини кўпайтириш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган. Бунга Россия, Хитой ва Шимолий Кореядан келаётган таҳдидларнинг кучайиши сабаб бўлгани айтилган.

Нашрга кўра, Оқ уй аввалроқ Москва, Пекин ва Пхеньян билан бир вақтда можаро юзага келган тақдирда ҳаракатлар режасини тузишни таклиф қилувчи махфий директивани тайёрлаган. Стратегиянинг асосий эътибори ядровий бўлмаган тўхтатувчи кучларни ривожлантиришга қаратилган, аммо ядровий салоҳиятни ошириш чоралари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Фото: НАТО Бирлашган ҳаво қўмондонлиги
WSJ суҳбатдошларининг аниқлик киритишича, Пентагон Minuteman III қитъалараро баллистик ракеталарига, шунингдек, АҚШ стратегик кучларининг асосий элементи бўлган сувости кемаларига жойлаштириладиган жанговар каллаклар сонини кўпайтириш имкониятини ўрганмоқда. Бундан ташқари, денгиздан учириладиган қанотли ядровий ракеталар дастурини ишлаб чиқиш давом этмоқда. Ушбу масала бўйича якуний қарорни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп маъмурияти қабул қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Россия билан чегара яқинида ядровий бомба ташлашни машқ қилди