22:20 / 02.01.2025
44

Турли мамлакатларда Янги йил байрами қачон ва қандай нишонланади?

Турли мамлакатларда Янги йил байрами қачон ва қандай нишонланади?
© AP Photo / RICHARD VOGEL
Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан, МДҲда Янги йил 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси нишонланади. Ана шу вақтда Ер сайёраси Қуёш атрофида тўлиқ айланишни амалга оширган деб ҳисобланади.

Аммо ҳамма жойда ҳам бу саналарда нишонланмайди. Sputnik Ўзбекистон Янги йилни бутунлай бошқа кунларда нишонлайдиган турли халқ ва давлатлар ҳақида қизиқарли фактларни тўплади.

Хитой
Эҳтимол, ҳаммамиз Хитой байрамни ой тақвимига кўра нишонлашини эшитганмиз. Янги йил кунлари қишки қуёш туришидан кейинги иккинчи янги ойга қараб ўзгаради. Масалан, хитойликлар 2024 йилни 10 февралда қарши олган бўлса, 2025 йил улар учун эҳтимол, 28 январда бошланади.

Хитой Янги йили 2025
© iStock.com / hxyume

Байрам халқ орасида Хитой Янги йили деб аталади, бироқ айни шу тизим бўйича уни бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам нишонлашади, масалан, Вьетнамда.

Бу кунларда одатга кўра мушакбозликлар уюштирилиб, аждар костюмида анъанавий рақслар ижро этилади, қизил конвертларда пуллар ҳадя қилинади ва байрамона дастурхон ёзишади.

Ҳиндистон
Классик Янги йил (1 январь) дунёвий байрам ҳисобланади ва айниқса, маҳаллий бўлмаганлар ва ёшлар орасида нишонланади. Бироқ Ҳиндистоннинг анъанавий Янги йили баҳорда, ой тақвимига кўра келади – аниқ сана штатга боғлиқ. Шу билан бирга, байрам кўплаб номларга эга: Вайсакхи, Вишу, Угади, шунингдек, "кузги" Янги йил – Дивали.

Ҳиндистонда Янги йилни қандай нишонлашади?
© Ashaindia

Анъаналар ҳам байрам ўтказиладиган жойга қараб фарқ қилади. Кўпинча бу диний маросимлар, рақслар, олов атрофида айланиш, совғалар, зиёфатлар, ёрқин юришлар ва ҳатто кўмир чўғда юришни ўз ичига олади.

Эрон
Эронда Янги йил ўз тақвимига мувофиқ нишонланади. Байрам "Наврўз" деб аталади ва баҳорда, янги қуёш цикли бошланиши билан нишонланади. Наврўзнинг келиши астрономик аниқлик билан, ҳатто сониягача ҳисоблаб чиқилади.
Шу куни кўчаларни, уйларни безаш ва байрам дастурхонини ёзиш одат тусига киради.

Эрон Янги йилининг атрибути бўлган ўт куртаклари билан сават
© AP Photo / Vahid Salemi

Байрамнинг ўхшаш варианти Марказий Осиё мамлакатларида ҳам мавжуд: Ўзбекистон ва Тожикистонда бу Наврўз, Қозоғистонда – Науриз, Қирғизистонда – Нооруз. У 21 март куни, баҳорги тенгкунликда нишонланади.

БАА
Янги йил Араб Амирликларида икки марта нишонланади: Ислом тақвими (ҳижрий) ва дунёвий тақвим (1 январь) бўйича.

БААда янги йил
© AP Photo / Kamran Jebreili

БААда байрам ҳар доим жуда ёрқин нишонланади: дронлар ва мушакбозликлар тақдимоти ташкил қилинади, шунчалик кенг кўламли ва таассуротга бойки, аллақачон Гиннесс рекордлари китобига бир неча бор киритилган.

Вьетнам
Тэт - Вьетнам (ой) тақвимига кўра Янги йил. Вьетнамликлар байрамни Пекин ва Ханой ўртасидаги вақт фарқига асосланиб, Хитой билан деярли бир вақтда нишонлашади.

Вьетнам Ой Янги Йили
© AP Photo / Chitose Suzuki

Вьетнамда Янги йил уч кун нишонланади: оилалар уйда йиғилиб, хушбўй тутатқи тутатишади ва аждодларни хотирлайдилар. Шунингдек, меҳмонга бориш ва пул совға қилиш одат ҳисобланади. Янги йил арчаси ўрнини кичик мевали мандарин дарахти ёки шафтоли гулларидан иборат шохлар эгаллайди.

Эфиопия
Қадрли нарсаларни ҳадя қилиш куни, Энкутаташ ёки Эфиопия Янги йили 11 сентябрь (кабиса йилида – 12 сентябрь) куни, юлиан тақвимига кўра нишонланади. Уйлар сариқ ромашкалар билан безатилади. Байрамнинг энг муҳим анъаналаридан бири олов ёқишдир. Энг катта, 6 метрли эвкалипт дарахтидан ёқиладиган оловни мамлакат пойтахти Аддис-Абебада президентнинг ўзи ёқади.

Эфиопияда янги йил
© AP Photo

Халқ сайллар ўтказади, одамлар маросим қўшиқлари ва рақслар ижро этади.

Таиланд
Анъанавий Таиланд Янги йили Сонгкран 13-15 апрель кунлари нишонланади. Ҳар бир кун маълум одатларга эга. Масалан, биринчи куни кексаларга ҳурмат кўрсатиш, совғалар бериш ва ибодатхоналарда қурбонликлар қилиш одат ҳисобланади.

Иккинчи куни ёшлар ота-онасининг оёқ-қўлларини хушбўй сув билан ювадилар, ота-оналар эса фарзандларига ёсмин гулчамбар билан дуо қиладилар. Шу куни бир-бирларига сув сепиш ҳам анъанага айланган, шу боис бу байрам дунё бўйлаб машҳур бўлган.

Таиланднинг Прачин Бури провинциясида Таиланд Янги йилини нишонлаш учун Сонгкран сув фестивалида аёлнинг устига бир челак сув қуйилади
© AP Photo / Wason Wanichakorn

5 апрелда эса одамлар ибодатхоналарга боришни, байрам қилишни давом эттиради ва Буддани ёсмин суви билан ювиш тадбирини ўтказади. Бундан ташқари, Сонгкранда севишганлар бир-бирларига муҳаббатларини изҳор қилишади.

Исроил
Рош ха-Шона – яҳудий (ой-қуёш) тақвимининг еттинчи ойига, яъни сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади. Бу йил Рош ха-Шона 2-4 октябрь кунлари нишонланди.

Яҳудий Янги йилида қўчқор шохида садолар чалинади. Яҳудийлар синагогага ташриф буюришади, сув ҳавзалари ёнида тўпланишади ва ибодат қилишади.

Яҳудий байрами Ту Бишват ёки "Дарахтларнинг янги йили". Ҳар хил мевалар билан тўлдирилган узун дастурхонда раввинлари билан ўтирарди
© AP Photo / Oded Balilty

Йил муаммо келтирмаслиги учун байрам дастурхонига аччиқ ва нордон таом қўйилмайди. Аксинча, ширинликлар, асал, анор ёки олма билан меҳмон қилинади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Турли мамлакатларда Янги йил байрами қачон ва қандай нишонланади?