date
views 252

АҚШ Украинада дронлар ишлаб чиқаришга яширинча 1,5 млрд доллар бергани маълум бўлди

АҚШ Украинада дронлар ишлаб чиқаришга яширинча 1,5 млрд доллар бергани маълум бўлди
Фото: The New York Times
16 январ куни АҚШ президенти Жо Байден администрацияси Украинага кўрсатилган ҳарбий ёрдам бўйича ҳужжатларнинг охирги қисмини махфийликдан чиқарди — улар дронларни ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга оид махфий дастурга тааллуқли, деб хабар беради The New York Times.

Ҳужжатга кўра, Қўшма Штатлар техник қўллаб-қувватловдан ташқари, ҳарбий учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқарадиган Украина корхоналарига камида 1,5 миллиард доллар сарфлаган.

АҚШ маблағларни дрон ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар учун эҳтиёт қисмларни харид қилиш учун ажратган. Бундан ташқари, АҚШ Украинага учувчисиз учиш аппаратлари дастурини ишлаб чиқишда украин ҳарбийларига ёрдам бериш учун Америка разведкаси ходимларини ҳам юборган.

АҚШ кўмагида Украина ўз ҳудудида янги авлод дронларини ишлаб чиқара олган ва кейинроқ уни кенгайтиришга муваффақ бўлган. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг таъкидлашича, бу Россия—Украина урушига «реал стратегик таъсир» кўрсатган. Унинг сўзларига кўра, дронлар урушда «борган сари муҳим аҳамият касб этмоқда» ва улар келажакдаги жангларнинг асосий қуролларидан бирига айланиши мумкин.

Салливаннинг қайд этишича, Украина илк бор дронлардан 2022 йил кузида биринчи қарши ҳужум вақтида фойдаланган. 2023 йилда УҚКнинг қарши ҳужуми у қадар муваффақиятли кечмагач, америкалик амалдорлар Украинада дронлар ишлаб чиқарилишига кўпроқ ёрдам ажратишга қарор қилган. Президент маслаҳатчисининг қўшимча қилишича, Россия армияси 2023 йилда Украина ҳарбийларининг ҳужумини дронлардан фойдаланган ҳолда тўхтатиб қолишга эришган.

2022 йил охири — 2023 йил бошида Россия—Украина урушида «дронлар инқилоби» юз берди: иккала армиянинг деярли ҳар бир бўлинмасида тижорий разведка дронлари пайдо бўлди. 2023 йилда УҚК, кейинроқ Россия Қуролли кучлари минглаб камикадзе дронларни қўлга киритди. Ўша йилнинг охирида Украина президенти Володимир Зеленский 2024 йилда мамлакат бу турдаги дронлардан 1 миллион дона, шунингдек, ўрта ва узоқ масофага мўлжалланган учувчисиз учиш аппаратларидан камида 10 минг дона ишлаб чиқаришни режалаштираётганини маълум қилганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Украинада дронлар ишлаб чиқаришга яширинча 1,5 млрд доллар бергани маълум бўлди