Сурия хавфсизлик кучлари мамлакат собиқ президенти Башар Асаднинг она томонидан қариндоши — бригада генерали Атиф Нажибни қўлга олди. Бу ҳақда Латакия вилояти умумий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Мустафо Канифатий маълум қилди.
"Латакия вилоятида ҳарбийлар ёрдамида ўтказилган умумий хавфсизлик бошқармаси операцияси давомида Дераъада сиёсий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган бригадир Атиф Нажиб қўлга олинди", дейди Канифатий.
Ҳарбийнинг таъкидлашича, Нажиб “Сурия халқига қарши жиноятлар” содир этган, шу муносабат билан у аллақачон тегишли органларга топширилган ва жавобгарликка тортилиши кутилмоқда.
“Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳи етакчиси Аҳмад ал-Шараъа (Абу Муҳаммад ал-Жулоний) Суриянинг ўтиш даври президенти деб эълон қилинди. Ал-Шараъа мамлакатнинг янги конституцияси қабул қилингунга қадар амал қиладиган вақтинчалик қонунчилик кенгашини шакллантириш билан шуғулланади. Суриянинг янги ҳукумати армия ва хавфсизлик хизматларини тарқатиб юборди. Уларнинг ўрнига фуқаролар хавфсизлигини таъминлайдиган янги тузилма пайдо бўлади. Шунингдек, 1963 йилда Сурияда ҳокимиятга келган Араб социалистик уйғониш партияси (БААС) тарқатиб юборилгани эълон қилинди. 2000 йилдан буён унинг бош котиби собиқ президент Башар Асад эди.
Асад режими қулаши
Ноябрь ойи охирида қуролли исёнчилар, асосан ҲЦҲ жангчилари Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Хама ва Хомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди. Президент Башар Асад оиласи билан мамлакатни тарк этди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Башар Асад исёнчилар билан келишувга эришиб, истеъфога чиқишга рози бўлгани, шундан кейин Сурияни тарк этгани ҳақида маълумот берди. Исёнчилар Асадни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган.
Сиёсатчи мамлакатни тарк этганидан кейин исёнчилар Асад қароргоҳига бостириб кирган, одамлар буюмларни талон-торож қилган. Қароргоҳдаги гаражда BMW, Audi, Ferrari, Lamborghini Diablo каби 50 га яқин ҳашаматли ва қимматбаҳо автомобиллар аниқланган.
Кечроқ Кремлдаги манбалар Суриядан қочган президент оиласи билан Москвага келгани, Путин уларга бошпана берганини маълум қилди. 10 декабрь куни Идлиб шаҳрида исёнчиларга раҳбарлик қилган Муҳаммад ал-Башир ўзини Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлаганди. У фуқароларга қарата қилган телевидение мурожаатида бу лавозимни камида 2025 йил 1 мартгача эгаллаб туришини айтган. Эндиликда ал-Жулоний Сурия президенти деб эълон қилинди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар