Сурияда Башар Асад иши бўйича суд жараёни бошланди

Сурияда собиқ президент Башар Асад ва унинг ҳукуматида фаолият юритган амалдорлар иши бўйича суд жараёнлари бошланди, деб France 24 хабар берди.
Маълум қилинишича, 26 апрель куни ушбу иш бўйича илк суд эшитуви бўлиб ўтган. Суриядан чиқиб кетган Башар Асад ва унинг укаси Маҳер Асадга нисбатан суд сиртдан олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, уларнинг қариндоши ва собиқ хавфсизлик ходими Атиф Нажиб суд мажлисида кишанланган ҳолда иштирок этган. Судья Фахр ад-Дин ал-Арян таъкидлашича, бу жараёнлар ўтиш даври адлияси доирасидаги дастлабки қадам ҳисобланади. Унга кўра, ушбу ишлар қамоқдагилар, судда иштирок этаётган айбланувчилар ва адолатдан яширинган шахсларни ҳам ўз ичига олади.
Манбаларга кўра, мазкур эшитувлар келгусида Асад ва бошқа юқори лавозимли шахслар устидан ўтказиладиган асосий судлар учун тайёргарлик босқичидир.
Атиф Нажиб 2025 йил январ ойида, Асад ҳукумати ағдарилгандан сўнг қўлга олинган. У 2011 йилда Дераа ҳудудидаги оммавий ҳибслар ва тазйиқларга раҳбарлик қилганликда айбланмоқда.
Сурияда 13 йил давом этган фуқаролар уруши ярим миллиондан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган ва миллионлаб одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилган. Янги ҳукумат Асад даврида содир этилган жиноятлар бўйича адолатни таъминлашга ваъда берган.
Кейинги суд эшитуви 10 май кунига белгиланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!