22:53 / 09.02.2025
1 179

Трамп шаҳзода Гаррининг депортацияси ҳақида нималар деди?

Трамп шаҳзода Гаррининг депортацияси ҳақида нималар деди?
Коллаж: “Дарё”
АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатдан Британия шаҳзодаси Гаррини депортация қилиш эҳтимолига муносабат билдирди. Бу ҳақда The New York Post хабарига таяниб Дарё маълум қилмоқда.

Гаррининг иммиграция мақоми Вашингтондаги суд жараёнининг мавзуси бўлиб, Heritage фонди унинг илгари тақиқланган моддаларни истеъмол қилгани ҳақидаги маълумотларни яширган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу эса АҚШ визасини олишга тўсиқ бўлиши керак эди. Бироқ Трамп уни мамлакатдан чиқариб юборишдан манфаатдор эмаслигини айтди.

“Мен бундай қилмоқчи эмасман. Уни тинч қўяман. Унинг рафиқаси (Меган Маркл) билан муаммолари шундоқ ҳам етарли. Бу даҳшатли”, деган президент.

Трамп, шунингдек, Гаррининг акаси шаҳзода Уилямни мақташ имкониятидан фойдаланган. У билан декабрь ойида Парижда Нотр-Дам соборининг қайта очилиш маросимидаги ёпиқ кечада учрашганини эслаган.

“Менимча, Уилям ажойиб йигит”, дея таъкидлаган у.

Гарри ва унинг америкалик рафиқаси Меган Маркл бир неча бор Трампни танқид қилган. Хусусан, ўз баёнотларидан бирида Маркл президентни “жамиятни бўлувчи” ва “аёлларга нафрат билан қаровчи” деб атаган. Трамп бунга жавобан Гаррини рафиқасининг “йўл-йўриғидан чиқмайди” деб таърифлаган.

“Назаримда, бечора Гаррини бурнидан ип ўтказиб, судраб юришибди”, деган АҚШ раҳбари.

Heritage фонди далил сифатида шаҳзоданинг кокаин, марихуана ва психоделикларни истеъмол қилганини тан олган автобиографиясидан фойдаланган. 2024 йили фонд АҚШ ички хавфсизлик департаментига қарши судга мурожаат қилиб, унинг виза ҳужжатларини очиқлашни талаб қилганди.

“АҚШга кириш учун ариза топширган ҳар бир киши ўз сўровномасида тўғри бўлиши керак ва шаҳзода Гарри билан шундай бўлган-бўлмагани номаълум”, деган эди Heritage вакили Нил Гарднер.

Таҳлил марказининг таъкидлашича, Гарри 2020 йилда қироллик оиласидан чиққанидан сўнг Калифорнияга кўчиб ўтгач, собиқ президент Жо Байден маъмурияти томонидан алоҳида эътиборга сазовор бўлган бўлиши мумкин.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг