
Фото: Украина Мудофаа вазирлиги
Буюк Британия уруш тугаб, тинчлик шартномаси имзолангандан сўнг Украина осмонида патруллик қилиш учун Typhoon қирувчи самолётларидан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Британия ҳукумати ва Қироллик ҳаво кучларидаги манбаларга таяниб, The Times хабар берди.
Британия НАТО дастурига ўхшаш Украина учун “ҳаво полицияси” ташкил этишни муҳокама қилмоқда. Бу дастурга кўра, альянс 2004 йилдан бери Болтиқбўйи давлатлари ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиб келади.
"Бундай вариант Украина устида парвозлар тақиқланган ҳудуд яратишдан кўра эҳтимоли кўпроқ, чунки сўнгги ҳолатда самолётлар Украина осмонида кеча-ю кундуз патруллик қилиши керак бўлади", дея аниқлик киритди манбалардан бири.
Тахминларга кўра, “полиция миссияси”да Польшада жойлаштирилиши режалаштирилган ўнлаб “тиш-тирноғигача қуролланган” ва доим парвозга шай турувчи қирувчи самолётлар иштирок этади.
Бундай қарор Украина учун хавфсизлик кафолатларининг бир қисми бўлиши мумкин, шунингдек, қуруқликда тинчлик шартномаларига риоя этилишини назорат қилиш учун камроқ ҳарбий контингентни жалб қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, Буюк Британия бунинг учун кўплаб самолётлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жалб этиши керак. Бу масалани муҳокама қилиш бошланғич босқичда. Бироқ Тhе Times газетасининг Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларидаги суҳбатдоши “Бизга нима дейишса, барчасини бажаришга тайёрмиз”, дея таъкидлади.
Урушдан сўнг Украинага 100 минг тинчликпарвар кучлар керак
Аввалроқ президент Владимир Зеленский уруш тугаганидан кейин мамлакатда Россиянинг такрорий тажовузининг олдини оладиган 100 минг европалик тинчликпарвар кучлар кераклигини айтган эди. Бироқ, Washington Post маълумотларига кўра, Европа иттифоқи фақат 25-30 минг ҳарбий хизматчини юбориши мумкин.
Германия, Италия ва Польша бу қарорнинг ўринли эканига шубҳа қилмоқда. Франция эса тинчликпарвар кучларни Россия армияси билан тўқнашув чизиғига эмас, балки “низоли бўлмаган ҳудудлар”га юбормоқчи.
АҚШ президенти Дональд Трамп Европа тинчликпарвар кучларини Украинада жойлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлаган. Аммо америкалик ҳарбийлар юборилмаслигини айтган.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа кучларини Украинага киритиш бўйича таклифлар Москвага маъқул эмаслигини таъкидлаган. Бу масала АҚШ ва Россиянинг уруш бошланганидан бери биринчи расмий музокараларида муҳокама қилинган.
Лавровнинг сўзларига кўра, Россия томони америкалик ҳамкасбларига НАТО давлатлари қўшинларининг Украина ҳудудида бўлиши, ҳатто “бегона байроқ остида, Европа иттифоқи байроғи ёки миллий байроқлар остида” ҳам қабул қилиниши мумкин эмаслигини етказган.
Маълумот ўрнида, Россия Украина армиясига қарши жанг қилиш учун Курск вилоятига Шимолий Корея ҳарбийларини юборган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар