
Фото: Getty Images
Украинада улкан миқдорда ўта нодир ва муҳим ерости минераллари конлари мавжуд, аммо уларнинг кўпчилиги Россия қўшинлари босиб олган ҳудудларда жойлашган. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ раҳбарияти Россияга қарши урушда уларни қўллаб-қувватлаши учун Украина бу ресурсларни бериши керак.
«Мен Украинага 500 млрд долларга яқин эквивалентидаги нодир ерости металларини қўлга киритишни истаётганимни айтдим, улар моҳиятан бунга рози бўлишди», деганди Трамп 10 феврал куни Fox News мухбири Брет Байерга.
Украина президенти Володимир Зеленский аввал бу таклифни «жиддий эмас» деб баҳолади, «мамлакатни сота олмаслиги»ни билдирди, Аммо сўнгги ҳафталарда АҚШнинг Киевга босими тобора ортиб бора бошлагач, Зеленский 26 февралда бу бўйича келишув муҳокама қилинаётгани ва АҚШ ёрдамини давом эттириш учун бу битим муҳим эканини билдирди.
Трампнинг таклифи АҚШ учун Украина фойдали қазилмалари аҳамияти нечоғлик муҳим эканини кўрсатмоқда. Лекин бу металлар АҚШга нега керак ва нима бера олади? BBC шу саволларга жавоб излади.

Донецк ва Луҳанск областларидаги Белокузминовка бўр қоялари Украинадаги энг қимматли минералларнинг уйидир.
Нодир металлар нима ўзи ва нега улар муҳим?
Нодир ерости металлари — бу кимёвий жиҳатдан ўхшаш 17 та унсур учун умумий термин бўлиб, улар юқори технологияли ишлаб чиқариш ва саноат да кенг қўлланади. Улар смартфонлар, компютерлар, тиббий жиҳозлар ва ҳарбий технологиялар ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.
Нодир металлар таркибига скандий (Sc), иттрий (Y), лантан (La), церий (Ce), празеодим (Pr), неодим (Nd), прометий (Pm), самарий (Sm), европий (Eu), гадолиний (Gd), тербий (Tb), диспрозий (Dy), ҳолмий (Ho), эрбий (Er), туллий (Tm), иттербий (Yb) ва лютеций (Lu) киради.
Ушбу металлар «нодир» деб аталишининг сабаби — гарчи улар бутун Ер шарида тарқалган бўлса ҳам, уларни соф ҳолда топиш қийин, аксар ҳолларда радиоактив элементлар (масалан, торий ва уран) билан бирга учрайди. Шу сабабли, уларни ажратиб олиш учун юқори технологияли ва экологик жиҳатдан хавфли заҳарли кимёвий моддалар талаб этилади. Бу эса қазиб олиш жараёнини мураккаб ва қиммат қилади.
Украина ҳудудида қандай минераллар мавжуд?
Европа Иттифоқи «критик хомашё» деб белгилаган 30 та модданинг 21 таси Украинада жойлашган бўлиб, бу дунёдаги умумий захираларнинг тахминан 5 фоизини ташкил этади.
Ушбу унсурларга эга конлар асосан Украина кристалл массивининг жанубий қисмларида, асосан Азов денгизи остида жойлашган. Бу ҳудудларнинг катта қисми ҳозирда Россия томонидан босиб олинган, аммо Украина ҳудудида ҳам ўрганиш ва қазиб олиш учун истиқболли лойиҳалар мавжуд. Улар орасида Ўрта Побужжя, шунингдек, Киев, Винница ва Житомир областларидаги конлар бор.

Экспертлар таъкидлашича, Украинада юзлаб истиқболли геологик объектлар аниқланган бўлса-да, фақат баъзилари кон сифатида ишлаб чиқаришга лойиқ деб топилиши мумкин. Бу жараён уларнинг иқтисодий жиҳатдан самарадорлигига боғлиқ.
«Эълон қилинган баҳолашлар ҳозирча жуда тахминий, — дейди Benchmark Mineral Intelligence ташкилотининг аккумуляторлар учун хомашё бўйича бўлим раҳбари Адам Вебб. — Бу конлар ҳақиқий иқтисодий захиралар эканини исботлаш учун ҳали жуда катта иш қилиш керак».
Украинадаги бошқа муҳим фойдали қазилмалар ҳақида гап кетганда, Forbes Украина маълумотларига кўра, уларнинг 70 фоизи Донецк, Днипропетровск ва Луҳанск областларида жойлашган. Шундай қилиб, ҳозир конларнинг кўп қисми Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда қолмоқда.
Нодир ерости минералларидан ташқари, Украинада литий захиралари ҳам мавжуд. Украина ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакатдаги литий захиралари тахминан 450 минг тоннани ташкил этади.

Литий муҳим минерал бўлиб, уни циннвалдитдан ажратиб олиш мумкин.
Ҳозирча Украинада литий қазиб олиш ишлари бошланмаган, аммо келажакда бу жараённи йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Айни пайтда Россия камида икки литий конини назорат қилмоқда: Донецк областидаги Шевченковске ва Бердянск районидаги Крута Балка конлари.
Кировоград областида жойлашган литий конлари эса ҳозирча Украина назорати остида қолмоқда.
Нега Трамп бу минералларни хоҳлаб қолди?
АҚШнинг нодир ерости металлари ва эҳтимол, бошқа стратегик минераллар қазиб олиниши устидан назорат ўрнатишга бўлган қизиқиши асосан Хитой билан рақобат билан тушунтирилади.
Сўнгги ўн йилликларда Хитой нодир ерости минералларини қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида дунё етакчисига айланди. Унинг ҳиссаси жаҳон ишлаб чиқаришининг 60-70 фоизини, қайта ишлаш қувватларининг эса қарийб 90 фоизини ташкил этади.
АҚШнинг бу масалада Хитойга тобелик даражаси, эҳтимол, Трамп маъмуриятини жиддий ташвишга солмоқда — ҳам миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан, ҳам иқтисодий жиҳатдан. Чунки бу минераллар замонавий технологиялар, жумладан, электромобиллар ва ҳарбий техника ишлаб чиқариш учун зарур хомашё ҳисобланади.

Хитойнинг Шанхай шаҳридаги Tesla Megapack энергия сақлаш тизимларини ишлаб чиқариш заводи АҚШдан ташқарида аккумулятор батареяларини ишлаб чиқарадиган биринчи завод ҳисобланади.
Трамп «парадокси»
BBC Жаҳон хизмати мухбири Сингҳ Ҳадка бу борада қизиқ фикрни ўртага ташлади:
«Бир қарашда бу парадоксдек ҳам кўринади. Трамп бир томондан қайта тикланувчи энергия манбалари сиёсатидан воз кечиб, қазилма ёқилғи ишлаб чиқаришни кенгайтиришни буюрди. Лекин шу вақтнинг ўзида соф энергияга ўтиш учун зарур бўлган критик даражада муҳим бўлган стратегик минералларни қўлга киритишни хоҳламоқда.
Аммо бу фойдали қазилмалар нафақат яшил энергетика, балки истеъмол электроникаси, ҳарбий ва навигация жиҳозлари, шунингдек, сунъий интеллект маълумот марказларини қуриш учун ҳам зарур.
Трамп аввалроқ АҚШда сунъий интеллект инфратузилмасини кенгайтириш режасини эълон қилганди. Бу эса мис, кремний, палладий ва нодир ерости унсурлари каби стратегик минералларга улкан талабни келтириб чиқаради.
Айни пайтда, бу муҳим минераллар етказиб берилиши камайиб бормоқда, бу эса глобал тоза энергетика ривожи сустлашишига сабаб бўлмоқда.

Ташриф буюрувчилар Шандун провинциясидаги Синдао шаҳрида бўлиб ўтаётган China Advanced Materials Industry Expo 2024 тўққизинчи кўргазмасида нодир ерости доимий магнитлари ва эримайдиган металлар стендларини кўздан кечиришмоқда.
Халқаро қайта тикланувчи энергия агентлиги маълумотларига кўра, Хитой ўнлаб йиллар давомида қайта ишлаш технологиялари ва тажрибасини такомиллаштириб, стратегик минераллар бозорида устунликка эга бўлиб келмоқда. Бугунги кунда Хитой табиий графит ва диспрозий етказиб беришнинг 100 фоизини, кобалтнинг 70 фоизини, литий ва марганецнинг 60 фоизини назорат қилади.
Пекин Африка, Осиё ва Жанубий Америкадаги йирик конларга қатъий эгалик қилиш орқали жаҳон бозорида стратегик устунликни сақлаб қолмоқда.
«Хитойнинг глобал етказиб бериш занжирига нисбатан ўсиб бораётган таъсирига қарши туриш учун АҚШ критик муҳим ва стратегик минераллар занжирини таъминлаши керак», — дейилди Байден ҳукмронлиги чоғида Конгресснинг Вакиллар паталаси қуролли кучлар бўйича қўмитасида.
Ақтидан, Трамп маъмурияти Украина ва Гренландияни ўз таъминот занжирини тўлдиришда инновацион усуллардан фойдаланиш мумкин бўлган ҳудудлар сифатида кўрмоқда.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар