
Фото: Rhein-Maas Klinikum
Германия ғарбидаги шифохонада ишлаган тиббиёт ходими 9 беморни ўлдиришда ва яна 34 беморни ўлдиришга уринишда айбланмоқда, деб хабар берди Bild маҳаллий прокуратурага таяниб.
Эркак Вюрселен шаҳридаги клиника ходими бўлган. 2024 йилда шифохона раҳбарияти унинг ишидаги шубҳали ҳолатларни пайқаб, полицияга мурожаат қилган.
Ходим 2024 йил июль ойида ҳибсга олинган ва 11 та қотилликка уринишда айбланган. Тиббиёт ходимининг қурбонлари ва жабрдийдалари сонини аниқлаш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари бир қанча жасадни эксгумация қилган.
Февраль ойида прокурорлар ходим 5 кишини ўлдиргани ва яна 25 беморни ўлдирмоқчи бўлганини айтди. Кейинчалик бу ишга яна тўртта қотиллик ва тўққизта қотилликка уриниш қўшилди.
Ходим паллиатив ёрдам бўлимида ишлаган, у ерда оғир ёки ўта оғир беморлар симптомларини енгиллаштириш учун ёрдам олади. Тергов маълумотларига кўра, эркак беморларга оғриқ қолдирувчи ёки тинчлантирувчи дориларни қуйишда дозани қасддан, ҳаддан ташқари ошириб юборган. Шу тариқа тиббиёт ходими нохуш ҳодисасиз тунги сменани «тинчгина» ўтказишга ҳаракат қилгани таъкидланмоқда.
Ааҳен прокуратураси 44 ёшли эркакка айблов эълон қилган.
Гумонланувчининг қурбонлари орасида шифохонадан жавоб бериладиган беморлар ҳам бўлгани таъкидланмоқда. Жабрланганларнинг баъзилари тинчлантирувчи дори воситаларининг ҳаддан ташқари катта дозаси туфайли жиддий оқибатларга дуч келган. Қайд қилинишича, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар