18:00 / 16.03.2025
784

Зеленский Россия қўшинлари нима қилмоқчи бўлаётгани ҳақида гапирди

Зеленский Россия қўшинлари нима қилмоқчи бўлаётгани ҳақида гапирди
Украина президенти Владимир Зеленский рус қўшинлари Украина ҳудудидаги Курск йўналишида ҳарбийларни қуршовга олишга уринаётганини айтди. У Россия президенти Владимир Путиннинг бу борадаги режалари ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда "Украинская правда" хабар тарқатди.

"Менинг фикримча, Россия томони украиналик ҳарбийларни айнан шу йўналишда, яъни Курск йўналишида, Украина ҳудудида қуршаб олмоқчи. Энг муҳими, бизнинг қўшинларимиз ва қўмондонлик бундан хабардор ва биз уларнинг буни қаерда амалга оширмоқчи эканликларини аниқ тушуниб турибмиз. Улар, табиийки, Украина ҳудудида имкон қадар кўпроқ мавжуд бўлишни истамоқда ва ҳеч қандай янгилик йўқ" – деди Зеленский брифингда.

Зеленский Курск вилоятида Украина қўшинлари қуршаб олингани ҳақидаги маълумотларни “Путиннинг ёлғони” деб атади. Унинг таъкидлашича, Украина армиясининг операцияси вилоят ҳудудида давом этмоқда.

"Бугун разведка маълумотларимиз бир-бирига мос келгани учун миннатдорман. Биз Украина томони Курск вилояти ҳудудида мавжудлиги ва украиналик ҳарбийларнинг қуршовда қолгани ҳақидаги гаплар Путиннинг ёлғони эканлигини муҳокама қилдик. Курск вилояти ҳудудида Украина ҳарбийларининг ҳеч қандай қуршови йўқ" – деди Зеленский.

Россия армияси Суми вилоятига зарба бериш учун тайёргарлик кўрмоқда

Украина президентининг таъкидлашича, Россия армияси Украинанинг шарқий чегараси бўйлаб куч тўплаётгани Суми вилоятига ҳужум режалаштираётганидан далолат беради.

"Биз Россия армияси куч тўплаётганини кўряпмиз. Бу Суми вилоятига зарба бериш истагидан далолат беради. Биз буни тушунамиз ва қаршилик кўрсатишга тайёрмиз. Барча ҳамкорлар Путин нима режалаштираётганини, нимага тайёргарлик кўраётганини ва нимани эътиборсиз қолдираётганини тушунишлари лозим" – деди Зеленский.

Унинг таъкидлашича, Россия кучларининг тўпланиши Москванинг дипломатияни эътиборсиз қолдириш ниятидан далолат беради.

"Уруш Россия томонидан чўзилиши аниқ. Биз ҳамкорларимизга фронтдаги, Курск вилоятидаги ва чегара бўйлаб вазият ҳақидаги барча реал маълумотларни тақдим этишга тайёрмиз" – дея қўшимча қилди у.

13 март куни Россия президенти Владимир Путин бир шарт билан Украинадаги жанговар ҳаракатларни 30 кунга тўхтатишга рози эканини билдирганди. Унга кўра, ушбу таклиф фақат узоқ муддатли тинчликка олиб келган тақдирдагина қабул қилиниши мумкин.

Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий вазият халқаро сиёсий муҳокамалар марказида қолмоқда. Сиёсий вазият ва ҳарбий ҳаракатлар тараққиёти ҳамкорлар ва халқаро кузатувчилар томонидан диққат билан кузатиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг