
Хитой ҳарбий-денгиз кучларининг J-15 қирувчи самолёти 15 март куни ўқув машғулотлари пайтида қулаб тушди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.
Маълум қилинишича, авиатехника Хайнан провинциясидаги очиқ майдонга қулаб тушган. Учувчи эса катапульта қилишга муваффақ бўлган ва омон қолган. Ҳалокат сабаблари бўйича тергов бошланган.
Ҳарбий-денгиз кучлари ҳалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни ташкил қилмоқда, дейилади хабарда.
Ҳодиса Жанубий Хитой денгизи ҳудудида содир бўлган, сўнгги йилларда ушбу ҳудуддаги баҳсли рифлар ва ороллар атрофида Хитой ва Филиппин кемалари ўртасида қарама-қаршилик бўлиб ўтган. Февраль ойида Филиппин қирғоқ қўриқлаш хизмати Хитой ҳарбий-денгиз кучлари вертолётининг хавфли манёврларини қоралаган эди.
Хитойнинг J-15 қирувчиси ҳақида нималар маълум?
Хитойнинг Шенянг J-15 палуба қирувчиси кўпинча “Учар акула” деб аталади, у Хитой авиаташувчиларига асосланган. Авиатехника 2013 йилда фойдаланишга топширилган. Шенянг Aircraft Corporation томонидан ишлаб чиқилган J-15 қирувчи самолёти Совет Иттифоқининг Су-33 самолёти асосида яратилган. 2000 йиллар бошида Хитой Украинада прототипни сотиб олган. 2022 йилги маълумотларга кўра, J-15 самолёти бирлигининг нархи камида 61 миллион долларни ташкил этади.
J-15 асл келиб чиқишидан қатъи назар, такомиллаштирилган авионика, радар тизимлари ва қуроллар билан янгиланган бўлиб, бу уни кўп мақсадли қирувчи самолётга айлантиради.
Иккита WС-10 двигатели билан жиҳозланган авиатехника 1500 километрга яқин жанговар радиусга ва 6,5 тоннадан ортиқ юк кўтариш қобилиятига эга. У ҳаво-ҳаво, ҳаво-ер ва кемага қарши ракеталар комбинациясини таший олади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар