
АҚШ ҳукумати Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можарони яқин ҳафталар ичида тўлиқ якунлашга умид қилмоқда, деб ёзади Bloomberg нашри ўз манбаларига таяниб.
Маълумотларга кўра, Оқ уй жорий йил 20-апрел куни нишонланадиган Пасха байрамига қадар сулҳ бўйича келишувга эришишни режалаштирган. Бироқ, АҚШ расмийлари томонлар позицияларидаги катта тафовутлар сабабли бу муддат кечикиши мумкинлигини ҳам тушунишади.
Россиянинг сулҳ шартлари ва АҚШнинг позицияси
Ҳозирда Россия ҳатто вақтинчалик сулҳ учун ҳам максималистик талаблар илгари сурмоқда. Москва, хусусан, Украинага қурол-яроғ етказиб беришни тўлиқ тўхтатишни талаб қилмоқда. Шу билан бирга, АҚШ Укранига ҳарбий ёрдам борасида ҳеч қандай чекловлар қўймаган.
Европа расмийлари Дональд Трампнинг дипломатик муваффақият эвазига Украина манфаатларини қурбон қилиши мумкинлигидан хавотирда. Шунингдек, Оқ уй ҳар қандай келишув Киев учун мақбул бўлиши лозимлигини тушунади ва шунинг учун ортиқча ён беришга тайёр эмас.
Келишув йўлидаги музокаралар
Бугун ва эртага Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида АҚШ дипломатлари Россия ва Украина вакиллари билан учрашувлар ўтказади. Музокараларда:
🔹 30 кун давомида энергетика объектларига зарба беришни тўхтатиш,
🔹 Қора денгиздаги ҳарбий ҳаракатларни чеклаш каби масалалар муҳокама қилинади.
АҚШ президенти махсус вакили Кит Келлог ушбу учрашувда уч томонлама билвосита музокаралар бўлишини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина делегациялари алоҳида хоналарда бўлади, АҚШ эса воситачилик вазифасини бажаради.
Путин ва Трамп учрашуви кутилаяпти
Март ўрталарида, Путин ва Трамп телефон орқали мулоқот ўтказишидан олдин, The Moscow Times нашри Кремль Пасха байрами икки президент учрашуви учун энг муҳим саналардан бири сифатида кўраётганини маълум қилганди.
Манбаларга кўра, Москва АҚШдан кўпроқ ён босиш учун музокараларни имкони борича кечиктиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо бу жараён ортиқча чўзилса, Вашингтоннинг қизиқиши пасайиб кетиши мумкинлиги ҳам ҳисобга олинмоқда.
Келгуси ҳафталарда ушбу музокаралар натижаси уруш тақдири учун ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар