date
views 689

Зеленский: «Россия TikTok орқали хитойликларни урушга ёлламоқда»

Зеленский: «Россия TikTok орқали хитойликларни урушга ёлламоқда»
Украина президенти Володимир Зеленский Россия армияси сафида жанг қилаётган хитойликлар ҳақида жиддий баёнот берди. Унга кўра, Украина расмийлари ҳозирда камида 155 нафар хитой фуқаросининг шахси аниқланган — улар Украина ҳудудида украин қўшинларига қарши жанг қилмоқда.

«Хитой масаласи — жиддий. 155 кишининг фамилияси, паспорт маълумотлари бор — 155 нафар Хитой фуқароси Украина ҳудудида украинларга қарши жанг қилмоқда. Биз маълумот тўплаяпмиз, уларнинг сони аслида анча кўп деб ҳисоблаяпмиз», — дея Зеленскийнинг сўзларини келтиради «Униан» нашри.

Ёллаш TikTok орқали амалга ошмоқдами?
Зеленскийга кўра, хитойликлар Россия армиясига ижтимоий тармоқлар орқали, хусусан TikTok ёрдамида ёлланмоқда. Россия томони ушбу платформаларда реклама роликлари тарқатиб, фуқароларни урушга жалб қилаётгани айтилмоқда.

«Схемалардан бири — руслар реклама роликларини тарқатаётган ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok ва Хитойнинг бошқа тармоқлари. Бу яширин эмас — очиқдан-очиқ реклама орқали ёллаш. Россия Хитой ижтимоий тармоқларида ҳам шу тарғиботни олиб бормоқда. Балки яширин йўллари ҳам бордир», — деди Зеленский.

Унинг таъкидлашича, Пекин ҳозирча бу жараёндан бехабар, расман бу масалага муносабат билдирмаган.

Ҳарбий тайёргарлик: тестдан фронтгача
Зеленский маълум қилишича, Россия армиясига қўшилган хитойликлар аввал Москвага етиб келишади, 3–4 кунлик тиббий кўрикдан ўтишади, сўнг 1–2 ой давомида ўқув марказларида ҳарбий тайёргарлик олишади. Уларга «Мир» тўлов тизими орқали пул ўтказилмоқда ва махсус миграция карточкалари берилмоқда.

Донецкда хитойликлар асирга тушди
8 апрель куни Зеленский Донецк фронтида Россия армияси сафида жанг қилган икки нафар хитой фуқароси асирга олинганини маълум қилди. Улардан бири Россия армиясига қўшилиш учун воситачига 300 минг доллар тўлаганини айтган. Сабаби эса — ҳарбий хизмат орқали Россия фуқаролигини олиш бўлган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги эса ўз фуқароларини ҳарбий можаролардан узоқроқ туришга чақирди.

Россия армияси сафида хорижлик жангчилар, айниқса хитойликлар пайдо бўлаётгани урушнинг янги ва хавотирли босқичга кирганини кўрсатмоқда. Украина раҳбарияти ва халқаро жамоатчилик бу ҳолатни жиддий назоратга олишни талаб қилмоқда. TikTok каби платформа орқали ёллаш эса саноатлашган тарғиботнинг янги шакли сифатида қаралмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг