date
views 1 654

“Ҳаммасини текислаш” — Исроил армияси мақсади фош бўлди

“Ҳаммасини текислаш” — Исроил армияси мақсади фош бўлди
Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий операциясида қатнашган аскарлар уларга берилган аниқ кўрсатмалар ҳақида маълум қилди, деб trt.net.tr хабар берди. Улар бу ҳақда “Сукунатни бузиш” (Breaking the Silence) инсон ҳуқуқлари ташкилотига сўзлаб беришган.

Аскарлар сўзларига кўра, улар сектордаги баъзи ҳудудларни “стерил зона”га айлантириш буйруғини олган. Бу ҳудуд кенглиги 1,5 километргача бўлиб, у ерда ҳеч қандай бино, иссиқхона ёки экин қолмаслиги керак бўлган. Бу “Нэтсарим йўлаги” ва Ғазонинг шарқий чегарасида жойлашган ҳудудларга тааллуқли.
“Асосий вазифа — вайрон қилиш. Ҳаммасини текислаш керак,” — деган сержантлардан бири.

Breaking the Silence маълумотларига кўра, Исроил армияси 3500 га яқин биноларни ва сектор қишлоқ хўжалигининг 35 фоизига яқинини вайрон қилган. Бу эса Ғазонинг озиқ-овқат хавфсизлигини жиддий таҳдид остига қўйган.

Ҳарбийлар оғир техникалар билан бутун кварталларни бульдозерлар ёрдамида йўқ қилгани, қурбонлар жасадларини олиб чиққанлари ва ерларни миналаштиришгани ҳақида гапирган. Айтишларича, операция ҳудудига яқин келган ҳар қандай шахс хавф деб баҳоланган.

БМТ ва Amnesty International бу ҳаракатларни аввал ҳам ҳарбий жиноят деб баҳолаган. Breaking the Silence ташкилоти бундай зўравонлик фақат “ҳимоя” эмас, балки мажбуран кўчириш ва вайрон қилиш амалиёти эканини таъкидламоқда. Улар буни нормаллаштирмасликка чақираяпти.

Бу пайтда Исроилнинг ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилган ва захирада бўлган 1000 га яқин учувчи ва аскарлар урушга қарши мурожаатномага имзо чеккан. Улар урушни тўхтатишни талаб қилган.

Раҳбарият улар билан алоҳида суҳбат ўтказиб, фикрларидан қайтишга чақирган. Фақат 25 киши ўз қарашидан воз кечган. Қолганлари таҳдидларга қарамай, ўз позициясида қолган. Ҳатто 8 киши қўшимча равишда норозилик билдирувчилар рўйхатига қўшилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг