
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ўтган ой Ғазо секторининг Рафаҳ шаҳри яқинида 15 нафар фавқулодда хизмат ходими ва БМТ ходимининг ҳалок бўлишига «оператив тушунмовчилик» ва ҳарбий бўлинма томонидан буйруқларга амал қилинмагани сабаб бўлганини маълум қилди.
ЦАҲАЛ томонидан ўтказилган суриштирув натижаларига кўра, Исроил ҳарбийлари ушбу фожиа содир бўлишида бир қатор жиддий хатоларга йўл қўйган. Ҳодисага алоқадор бўлган ҳарбий бўлинма командири ўринбосари эса, суд жараёнида нотўғри ва нотўлиқ ҳисобот тақдим қилгани учун лавозимидан бўшатилган.
Фожиа 23 март куни содир бўлган. Ўшанда Қизил ярим ой жамиятининг Фаластин бўлимига қарашли тез ёрдам машиналари, БМТ транспорти ва Ғазо фуқаролик мудофаасига тегишли ўт ўчириш машинаси Исроил ҳарбийлари томонидан ўққа тутилган эди. Натижада 14 нафар қутқарувчи ва БМТнинг бир ходими қурбон бўлган.
ЦАҲАЛ баёнотига кўра, исроиллик ҳарбийлар машиналарни душманнинг потенциал таҳдиди сифатида баҳолаб, ўт очган. Шу билан бирга, тергов жараёнида қурбон бўлганлардан 6 нафари Ҳамас аъзоси бўлгани иддао қилинган. Бироқ Исроил бу иддаоларга нисбатан ҳеч қандай исбот ёки далил келтирмаган, гарчи ҳалок бўлганларнинг шахслари очиқ маълумотларда мавжуд бўлса-да.
Ҳисоботда, шунингдек, ҳодиса содир бўлган ҳудуд душман назоратидаги жанговор ҳаракатлар зонаси экани, командир эса тез яқинлашаётган машиналардан хавф ҳис қилгани айтилган. Шунингдек, тун вақтида кўриш имконияти чеклангани сабабли командир транспорт воситалари тез ёрдам машиналари эканини пайқамаганлигига урғу берилган.
Бироқ воқеадан кейин исроиллик ҳарбийлар дастлаб машиналар чироқларсиз ва милтилловчи маёқларсиз ҳаракат қилгани учун уларга нисбатан шубҳа туғилганини билдирган эди. Кейинчалик қурбон бўлган шифокорларнинг бирига тегишли мобил телефондан топилган видео исроиллик ҳарбийларнинг бу даъволарини рад этди – кадрларда автомобилларнинг ёритиш тизими ва махсус милтилловчи маёқлар ёқилгани аниқ кўриниб турибди.
Видеода машиналарнинг қайси хизматларга тегишлилиги аниқ белгилаб қўйилган, фелдшерлар эса махсус ёруғлик қайтарувчи форма кийган. Беш дақиқалик видеода қурбон бўлган қутқарувчининг охирги лаҳзалари, унинг дуо ўқигани ва сўнгра Исроил аскарларининг овози эшитилмоқда.
Ҳалок бўлган 15 нафар ходимнинг жасадлари воқеадан бир ҳафта ўтибгина топилган. Бу жараённинг чўзилишига халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан хавфсиз кириш учун йўл ташкил этишдаги қийинчиликлар сабаб бўлган.
Қизил ярим ой ва бошқа халқаро ташкилотлар бу ҳодисани мустақил тарзда текширишни талаб қилмоқда.
Исроил ҳарбийларининг юқори лавозимли офицерларга нисбатан чора кўриши эса биринчи ҳолат эмас. Ўтган йил апрел ойида ҳам World Central Kitchen гуманитар ташкилоти ходимларининг ҳалок бўлиши билан боғлиқ ишда икки офицер лавозимидан бўшатилган эди.
Исроил Рафаҳдаги кенг кўламли ҳарбий амалиётини 2024 йил май ойида бошлаган ва ҳудудда кенг кўламда вайронагарчиликлар содир бўлган. Январ ойидаги вақтинча сулҳдан кейин шаҳарга қайтадан минглаб аҳоли қайтиб келган эди. Бироқ 18 мартда сулҳ бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунлангач, Исроил Ғазодаги амалиётларни қайта бошлади.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан бери давом этаётган тўқнашувларда камида 51 201 киши ҳалок бўлган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар