
Хитой прокуратураси мамлакатдаги юқори лавозимли амалдорлардан бири – Коммунистик партияси Марказий қўмитасида коррупцияга қарши курашиш бўлими раҳбари бўлиб ишлаган Ли Ганни ҳибсга олиш бўйича ордер берди. Бу ҳақда Хитойнинг «Синхуа» ахборот агентлиги маълум қилмоқда.
Маълум бўлишича, Ли Ган катта миқдордаги порахўрликда айбланяпти. Тергов жараёнида аниқландики, Ли Ган ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, мамлакат Коммунистик партияси Марказий қўмитасига турли мансабдор шахсларни танлаш ва уларни лавозимларга тайинлаш жараёнида пора олган, шунингдек, ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланган.
Бундан ташқари, Ли Ган Марказий қўмитага тегишли даромадли шартномаларни имзолаш ҳамда юқори лавозимларни таклиф қилиш эвазига бир қатор компания вакилларидан катта миқдорда пул ва қимматбаҳо буюмларни олиб келган. Бу ҳолат унинг хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ эканлиги маълум қилинди.
Ушбу жиноятлари сабабли Ли Ган 7 апрель куни эгаллаган лавозимидан озод қилиниб, партия сафидан чиқарилган эди.
Эслатиб ўтиш жоизки, 2024 йилнинг декабрида ҳам Хитой Коммунистик партиясида шов-шувли коррупция иши бўйича қатл ҳукми чиқарилган эди. Хусусан, Хух-Хото шаҳрининг иқтисодий ва технологик тараққиёт зонаси ишчи қўмитасининг собиқ котиби Ли Жианпин Хитой Олий халқ судининг қарори билан қатл этилган. У давлат бюджетига тегишли қарийб 2 миллиард доллардан ортиқ маблағни ўзлаштирган ва 800 миллион доллардан зиёд порахўрлик қилганликда айбдор деб топилган.
Хитой ҳукумати бу каби ҳолатларга қарши кескин кураш олиб боряпти ва бундай шов-шувли ишлар мамлакатдаги коррупцияга қарши фаолиятнинг жуда жиддий кўринишини намоён қилмоқда. Юқори лавозимдаги амалдорларнинг пора олиш ҳолатларига қарши жиддий жазо чоралари қўлланилиши, мамлакат раҳбариятининг бу борадаги қатъий позициясидан далолат беради.
Ли Ганнинг ушбу иши ҳам Хитойдаги коррупцияга қарши курашнинг яна бир мисоли бўлиб, бу жараёнга нафақат Хитой жамоатчилиги, балки бутун дунё ҳам катта қизиқиш билан қарамоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар