date
views 80

АҚШдаги ҳарбий база биринчи аёл қўмондони можаро сабаб ишдан бўшатилди

АҚШдаги ҳарбий база биринчи аёл қўмондони можаро сабаб ишдан бўшатилди
АҚШ армиясининг Висконсин штатида жойлашган Форт-Маккой ҳарбий базасининг биринчи аёл қўмондони, полковник Шейла Рамирес лавозимидан озод қилинди. Daily Beast нашри тарқатган маълумотларга кўра, бу қарор президент Дональд Трамп ва мудофаа вазири Пит Хегсетнинг фотосуратлари билан боғлиқ можаро натижасида қабул қилинган.

Бир ҳафта аввал Пентагоннинг махсус текширув гуруҳи Форт-Маккой базасида жойлашган стендда акс этган суратларни эълон қилган эди. Унда базанинг юқори мартабали амалдорлари, жумладан, президент Трамп ва мудофаа вазири Хегсетнинг расмлари ҳам бўлиши керак эди. Бироқ юқори қатордаги бу фотосуратлар девор томонига ўгириб қўйилган эди ва бу ҳаракат «вандализм» сифатида баҳоланган.

АҚШ мудофаа вазирлиги бу ҳолат юзасидан тергов бошланганини расман маълум қилди.

Маълумот учун, полковник Шейла Рамирес Форт-Маккой базаси қўмондонлигига 2024 йил июль ойида тайинланган эди. У бу лавозимга тайинланишидан олдин Виржиния штатидаги Форт-Белвуар базасида хизмат қилган.

Қўмондонлик лавозимини эгаллагач, Рамирес жамоатчиликка мурожаатида: «Жамиятдаги ҳар бир соҳада хилма-хилликни тарғиб қилиш ва уни намоён этиш жуда муҳимдир», — деб таъкидлаган эди.

Ҳозирда содир бўлган можаро бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда ва бу ҳолат АҚШ жамоатчилигида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШдаги ҳарбий база биринчи аёл қўмондони можаро сабаб ишдан бўшатилди