date
views 228

Илон Маск АҚШ ҳукуматидаги фаолиятини якунламоқчи: сабаби нимада?

Илон Маск АҚШ ҳукуматидаги фаолиятини якунламоқчи: сабаби нимада?
Таниқли тадбиркор ва АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маск АҚШ ҳукуматидаги ишини тарк этиш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда Washington Post газетаси ўзининг аноним манбасига таяниб ёзмоқда, дея хабар беради РИА Новости агентлиги.

Манбанинг таъкидлашича, Маскнинг махсус давлат ходими сифатидаги ваколати бу йилнинг май ойида якунланади ва унинг яна узайтирилиши бўйича ҳозирча маълумот йўқ.

Нашрдаги маълумотга кўра, Маскнинг ҳукуматдаги ишини тарк этишга қарор қилганининг асосий сабаби – "чап тарафдан бўлаётган нохуш ва ахлоққа зид ҳужумлар"дан толиққани билан боғлиқ экан.

«Илон Маск ўзига қарши чап тарафдан содир бўлаётган доимий, ноқулай ва ноодоб ҳужумлардан чарчаган. Шу сабабли, у ҳукуматдаги лавозимини тарк этишга қарор қилмоқда», — дея ёзади газета ўз хабарларида.

Бироқ, айни пайтда Маск ўзи раҳбарлик қилаётган DOGE ташкилотининг келажагидан хавотирда эмас. Чунки унинг жамоаси аъзолари аллақачон кўплаб АҚШ федерал агентликларида юқори натижалар кўрсатиб, ўз ўринларини топишга улгурган, деб ёзмоқда нашр. Оқ уйнинг исмини ошкор этмаган юқори мартабали вакили ҳам DOGE агентлиги эришган натижаларни юқори баҳолаган ҳолда, ташкилотнинг иш самарадорлиги "ўзи учун гапиришини" таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) мамлакат президенти Дональд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси "ҳукумат харажатларини қисқартириш ва федерал агентликларнинг иш тартибини оптималлаштириш" ҳисобланади. АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг спикери Майк Жонсон ҳам аввалроқ DOGE идораси Конгресс томонидан тасдиқланмаган ва "ҳайратланарли даражадаги" катта харажатларни аниқлаганини маълум қилган эди.

Ҳозирча, Илон Маскнинг ҳукуматдаги фаолияти қай тарзда якунланиши ва унинг ортидан ташкилотда қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Шу билан бирга, бу мавзудаги хабарлар нафақат АҚШда, балки бутун дунёда катта қизиқиш билан кузатилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Илон Маск АҚШ ҳукуматидаги фаолиятини якунламоқчи: сабаби нимада?