
Бугун, 23 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Туркиянинг Истанбул вилоятига қарашли Силиври туманида 6,2 магнитудали кучли ер силкиниши қайд этилди. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси бу ҳақида ўзининг расмий саҳифалари орқали маълумот тарқатди.
Маълум бўлишича, зилзиланинг эпицентри Мармара денгизида, Истанбул шаҳар марказидан тахминан 40 километр жануби-ғарбий ҳудудида содир бўлган. Зилзиланинг таъсири нафақат Истанбулнинг бутун ҳудудида, балки Измир каби қўшни вилоятларда ҳам сезилган. Ер силкиниши кузатилганидан кейин одамлар оммавий тарзда уйларидан ташқарига чиқиб, хавфсиз ҳудудларда йиғилишган.
Маҳаллий ҳокимият органларининг маълумотига кўра, кучли вайронагарчиликлар ёки ўлим ҳолатлари қайд этилмаган. Бироқ воҳима ва қўрқув сабабли 151 нафар киши биноларнинг баланд қаватларидан сакраган ҳолда турли даражадаги жароҳатлар олган. Ҳозирда улар маҳаллий касалхоналарда тиббий ёрдам олмоқда, уларнинг соғлигига жиддий хавф йўқлиги айтилмоқда.
Шунингдек, зилзила пайтида Фатиҳ туманидаги ташландиқ ҳолатдаги бино қулаб тушган, аммо бу ҳодиса натижасида жабрланганлар йўқлиги маълум қилинди.
Асосий ер силкинишидан кейин бир нечта афтершоклар кузатилган. Улардан энг кучлиси 5,3 магнитудани ташкил этган. Туркия ҳокимияти аҳолини эҳтиёткорликка чақириб, зарар кўрган биноларга яқинлашмасликни тавсия қилди.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркиядаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. Консуллик маҳаллий фавқулодда хизматлар билан доимий алоқада бўлиб, шу вақтгача ўзбекистонликлар орасида жабрланган ёки ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот олмаганини билдирди. Консулхона Туркия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини осойишта бўлишга ва расмий манбалар орқали берилган маълумотларни диққат билан кузатишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда 2023 йил 6 февраль куни Қаҳрамонмараш вилоятида икки марта кучли зилзила содир бўлган, натижада 53 мингдан зиёд одам қурбон бўлган эди. Туркия ҳукумати бу ҳодисани «аср фожиаси» деб атаган. Мамлакатнинг машҳур сейсмологи Нажи Герюрнинг огоҳлантиришига кўра, Истанбулда магнитудаси 7 ва ундан юқори бўлган янада кучли зилзила эҳтимоли 60 фоиздан юқори эканлиги айтилган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг