Панамада 7,7 магнитудали даҳшатли зилзила cодир бўлди (видео)

Панамада 7,7 магнитудали даҳшатли зилзила cодир бўлди (видео)
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • 9-октябр куни Панама жанубида магнитудаси 7,7 га тенг бўлган кучли зилзила содир бўлиб, кўплаб биноларга зарар етказди ва минглаб одамларни кўчаларга чиқишга мажбур қилди.
  • Зилзила 12,6 километр чуқурликда юз берган ва эпицентри пойтахтдан 200 километр узоқликда жойлашган, шунингдек, 40 дан ортиқ такрорий силкинишлар қайд этилган.

Кеча, 9 октябрь куни Панама жанубида магнитудаси 7,7 га тенг бўлган кучли зилзила содир бўлди. Ер силкиниши оқибатида бир қатор биноларга зарар етди, айрим иншоотлар қулаб тушди, минглаб одамлар хавфсизлик мақсадида кўчаларга чиқди. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ёки жароҳат олганлар ҳақида расмий маълумот берилмаган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила 12,6 километр чуқурликда юз берган. Ер силкинишининг эпицентри аҳоли кам истиқомат қиладиган ҳудудда, мамлакат пойтахти Панама шаҳридан қарийб 200 километр масофада жойлашган. Асосий зилзиладан кейин ҳам ер остидаги ҳаракатлар давом этиб, мамлакат ҳудудида 40 дан ортиқ такрорий силкинишлар қайд этилган.

Кучли тебранишлар Панама шаҳрида ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатган. Хавфсизлик чоралари доирасида офис биноларида ишлаётган ходимлар эвакуация қилинган. Минглаб одамларнинг бир вақтда кўчаларга чиқиши натижасида шаҳарда транспорт ҳаракати қийинлашган.

Шунингдек, Токумен халқаро аэропортида парвозлар вақтинча тўхтатилган. Вазият барқарорлашгач, ҳаво қатнови қайта тикланган. Мамлакат учун муҳим иқтисодий аҳамиятга эга бўлган Панама канали ва Кобре Панама мис кони эса зилзиладан кейин ҳам одатдаги тартибда фаолият юритишда давом этган.

Президент зарар кўрган шаҳарга борди

Панама Президенти Раул Мулино зилзиладан зарар кўрган Пенономе шаҳрига ташриф буюрган. Мазкур ҳудудда айрим бинолар қулаб тушган, шунингдек, черковлардан бирига ҳам шикаст етган. Ер силкинишининг оқибатлари мамлакат жанубидаги Читре шаҳри ва Лос-Сантос вилояти соҳилларида ҳам кузатилган.

Панама Геология институти директори Нестор Луке зилзила Асуэро-Сона ёриқлар тизимида тўпланган кучланишнинг бўшаши натижасида юз берганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, ер силкинишидан ҳосил бўлган тебранишлар мамлакатнинг барча ҳудудларида сезилган.

Панама шаҳрида ер силкиниши қарийб 40 сония давом этган. Бу вақт давомида бинолар ичида бўлган одамлар кучли тебранишларни ҳис қилган, кўпчилик эса хавфсиз жойга чиқишга ҳаракат қилган.

Зилзила пайтида эски бинолардан бирининг олтинчи қаватида бўлган Сабина Риос силкинишлар жуда кучли бўлгани ва узоқ давом этганини айтган.

“Зилзила кучли сезилди ва узоқ давом этди. Бу сўнгги йилларда ҳис қилган энг узоқ силкинишим бўлди”, — деган у.

48 ёшли техник ходим Виктор Пинсон эса зилзила вақтида баланд биноларда ишлаётган ойна тозаловчиларнинг кучли тебранишлар сабаб чайқалиб кетганига гувоҳ бўлган.

“Улар ҳалок бўлмагани мўъжиза”, — деган у.

Иқтисодий зарар ва электр таъминотидаги узилишлар

АҚШ Геология хизмати дастлабки баҳолашларига кўра, зилзила оқибатида етказилган иқтисодий зарар Панама ялпи ички маҳсулотининг 1–10 фоизигача етиши мумкин. Бу кўрсаткич табиий офат мамлакат иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатиши эҳтимолини англатади.

Мамлакатда электр энергияси таъминоти билан шуғулланувчи Naturgy компанияси ҳам зилзиладан кейинги ҳолат бўйича маълумот берган. Компания хабар қилишича, Панаманинг олти вилоятида электр таъминотида узилишлар кузатилган.

Қайд этилишича, Панамада бундай кучли зилзилалар тез-тез содир бўлмайди. Шунга қарамай, мамлакатда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда 12 октябрь куни аҳолини фавқулодда вазиятларда эвакуация қилиш бўйича умумхалқ машғулотини ўтказиш режалаштирилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар