
Европа Иттифоқининг энг юқори суди Малта томонидан амалга оширилаётган ва пул ёки инвестиция эвазига фуқаролик берувчи «олтин паспортлар» дастурини ноқонуний деб эълон қилди. Суднинг таъкидлашича, бу тартиб Евроиттифоқ қонунчилигига зид ҳисобланади, дея хабар берди Financial Times.
ЕИ суди ўз қарорини қуйидагича изоҳлади: «Европа Иттифоқига аъзо бўлган бирор давлат пул ёки муайян инвестиция эвазига ўз фуқаролигини, яъни Европа Иттифоқи фуқаролигини сотиш ҳуқуқига эга эмас. Чунки бу амалиёт фуқаролик беришни оддий тижорий битимга айлантириб юборади».
Ҳужжатда келтирилишича, ушбу дастур орқали Малта Европа Иттифоқи шартномасида кўрсатилган ўз зиммасидаги мажбуриятларни қўпол равишда бузмоқда.
Financial Times нашрининг ёзишича, эндиликда Малта ҳукумати бу дастурни бекор қилишга мажбур бўлади, акс ҳолда мамлакат жиддий жарималарга тўқнаш келиши мумкин. Айни пайтда Малта ҳукумати мазкур қарорнинг ҳуқуқий жиҳатларини ўрганиб чиқмоқда ва ўз фуқаролик тизимини суднинг қарорларига мос равишда ўзгартиришни режалаштирмоқда.
Аввалроқ, 2023 йилнинг бошида Европа комиссияси Малтанинг «олтин паспорт» дастури туфайли Европа Иттифоқи олий судига мурожаат қилган эди. Еврокомиссиянинг фикрича, Малта берган фуқаролик Европа Иттифоқи учун умумий хавф ва салбий оқибатларни юзага келтириши мумкин. Чунки бу фуқароликни олган шахслар Европа Иттифоқининг ҳар қандай мамлакатида эркин яшаш, ишлаш ва ҳатто Европа сайловларида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур дастурга нисбатан хавотирлар сўнгги пайтларда янада кучайди. Айниқса, Украинадаги уруш сабаб Ғарб давлатлари санкцияларига тушган айрим россиялик бой тадбиркорларнинг айни шу «олтин паспортлар» орқали Европа Иттифоқи ҳудудига кириш ҳуқуқига эга бўлиб қолганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Улар орасида россиялик машҳур бизнесменлар – Алберт Авдолян, АҚШ томонидан «Россия давлат идоралари билан алоқадор шахсларга ускуналарни экспорт қилишда кўмаклашганликда» айбланган Евгения Бернова, шунингдек, миллионер Павел Мелников кабилар ҳам мавжуд.
Энди Европа судининг ушбу қарори «олтин паспорт» дастурларига эга бошқа мамлакатларга ҳам жиддий таъсир қилиши мумкин. Чунки бу дастур турли сиёсий ва иқтисодий баҳсларни юзага келтирган энг баҳсли мавзулардан бири ҳисобланади.
Европа СудиМалта ФуқаролигиОлтин ПаспортЕвропа ИттифоқиҚонунчилик БузилишиИнвестиция Дастури Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар