Урушлар энди ўзгача бўлмоқда: «Паутина» операцияси ҳақида

3 дақиқа ўқиш581
Урушлар энди ўзгача бўлмоқда: «Паутина» операцияси ҳақида
1 июн куни урушлар тарихидаги энг уникал операциялардан бири амалга оширилди. Шахсан мен Моссад «Ҳизбуллоҳ» жангчилари пейжерларини масофадан туриб портлатгач, яна қандайдир ҳарбий операциядан ҳайрон қоламан деб ўйламагандим. Лекин кеча шундай бўлди.

Амалда Ғарбнинг ҳарбий ёрдамидан қуруқ қолган Украина Россия билан тўғридан тўғри музокаралар иккинчи раунди арафасида жиддий диверсион ҳужумни амалга оширди. Қуйида «Паутина» операцияси ҳақида.

Нишонда – стратегик учоқлар

Украина 1 июн куни бир вақтнинг ўзида Россиянинг тўртта олис ҳудудидаги аэродромларига ҳужум қилди. Ҳужумлар жуда оддий, арзон дронлар ёрдамида амалга оширилди. Украина чегарасидан анча олисда жойлашган, хусусан, Рязандаги «Дягилево», Мурманскдаги «Оленя», Иркутскдаги «Белая» ва Иванова областидаги «Иванова» аэродромлари ҳужумга учраган.

Ҳужумни шахсан Украина хавфсизлик хизмати СБУ раҳбари генерал Малюк бошқарган. Умумий ҳисобда Россия ҳарбий авиациясига тегишли 41 та стратегик самолётлар, хусусан, А-50, Ту-95, Ту-22 М3 бомбардимончилари йўқ қилингани айтилмоқда. СБУ ҳужум натижасида Россия стратегик авиацияси 34 фоиз учоқларини йўқотгани ҳақида хабар берди.

Украина ҳужум учун жуда оддий, арзон, 200-300 доллар турадиган дронлардан фойдаланган. Уларга портловчи моддалар ўрнатилган. Табиийки, бу арзон дронлар Украинадан туриб учирилмаган, улар бунақа катта масофага учиб боролмайди. Мурманск, Иркутск қаерда эканини харитадан қараб олишингиз мумкин, бу ерлар Украина чегарасидан жуда олисда жойлашган.

Юк машинасидаги «штаб»

Ҳар қанча ажабланарли бўлмасин, Украина хавфсизлик хизмати дронларни аэродромлар олдидан учирган. Бу учун махсус хизмат ҳарбийлари Россия ҳудудига бориб, кейин Украинага қайтиб кетишни ҳам уддалаган. Гап шундаки, дронлар оддий юк ташувчи машиналар юкхонасидаги мобил уйлар ичига яширилган. Керакли манзилга етиб боргач, ҳайдовчи машинани қаровсиз жойда қолдириб кетган. Катта эҳтимол, сунъий интеллект томонидан бошқарилган дронлар фура юкхонасидан чиқиб, аэродромдаги самолётларни портлатишга киришган.

Баъзи дронлар тепароқдан туриб бошқа дронлар самолётларни портлатаётганини видеога олган. Бу операция муваффақиятли бўлганини кўрсатиш учун қилинган. Юк машиналари усти қандай очилгани, дронлар маскировкадан қандай чиққани ҳозирча маълум эмас, лекин СБУ операция ҳақида тўлиқ маълумот беришни ваъда қилган.

«Дарсликларга кирадиган операция»

Зеленский кечга бориб операцияни ўтказгани учун Украина хавфсизлик хизмати раҳбари генерал Малюкка раҳмат айтди. Операция ажойиб чиққани, бу ҳақда ҳали тарих дарсликларида ёзилишини таъкидлади. Украина президентига кўра, операцияга 1 йил 6 ой-у 9 кун тайёргарлик кўрилган. Зеленсий бу Украинанинг мустақил муваффақияти бўлганига урғу берди.

Бу нимадан дарак?

Энди бу операция нимани англатиши ҳақида. Биринчидан, «Паутина» операцияси уруш ўзгариб бораётганидан нишона. Энди урушиш учун миллионлаб долларга тонна-тонна темир-терсакдан ясалган, баҳорда ботқоққа ботиб қоладиган танкларни сотиб олиш шарт эмас. Кеча Украина 200 долларлик дронлар билан Россия авиациясининг 7 миллиард долларлик самолётларини йўқ қилди. Булар оддий самолёт эмас, қанотли ракеталар, стратегик қуролларни олиб учадиган махсус учоқлар. Уларнинг функциясини бошқалари бажара олмайди. Чунки ракеталар айнан уларга мослаб чиқарилади.

Украина қараса, асосий иттифоқчиси Америка салкам Россия томонга ўтиб кетди, ҳарбий ёрдам тўхтаб қолди. Бундай вақтда давлат ўзидан бошқа ҳеч кимга ишонмайди. Урушмаса, давлат, мустақиллик бой берилади. Инженерлар ишга киришди-да, дронларга махсус дастур ўрнатишди. Ва яқин-яқингача оддий ўйинчоқ, ошиб борса бирор тадбир ёки тўйни суратга олиш учун фойдаланилган дронлар юз миллионлаб доллар турадиган самолётларни портлатиб ташлади.

Балки тинчлик замонида ўша инженерлар бундай мукаммал, Моссаддагилар ҳам оғзини очиб қоладиган операцияни тайёрлолмаган бўларди. Лекин уруш кетаётганда, ўртага бутун бошли давлатнинг мустақиллиги тикилганда табиийки, ўзидан кучли қўшнисига таслим бўлишни истамайдиган инженернинг мияси юрагига қўшилиб ишлайди. Ўша машҳур ибора бугун чиндан актуал: эҳтиёж ихтирога йўл очади.

Уруш ана шунақа нарса, жаноблар. Инсонда тирик қолиш инстинкти бор экан, у курашишда давом этади. Урушда рақибнинг қуроли сизникидан зўр бўлса, сиз унга бошқа, ўзингизда бор нарса билан зарба беришга ҳаракат қиласиз. Ветнамлик бўлсангиз, босқинчи америкалик учун ўрмонда чох қазиб, ичига заҳарли чаённи ташлайсиз. Ёки бўлмаса, 200 долларлик ўйинчоқ дрон билан юз миллион долларлик самолётни йўқ қиласиз. Шу учун бугунги техника асрида урушни бошламаслик керак.

Дарвоқе, Украина уч йиллик уруш давомидаги энг сенсацион диверсияни Туркияда Россия билан музокаралар иккинчи раунди арафасида амалга оширди. Биринчи турда руслар «Керак бўлса 20 йил урушамиз, сиз қанча уруша оласиз?» дейдиган устун позицияда эди. Энди Украина «Биз 200 долларлик дрон билан 100 миллион долларлик самолётингизни йўқ қиламиз, сизда яна нечта самолёт бор?» дейдиган позицияда бўлади. Хуллас, бу урушни тугатиш керак. Бунақа темпда кетса, ҳаммаси жуда ёмон тугайди. Урушни тугатиш эса фақат уни бошлаган одамнинг қўлидан келади...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Мақола сизга ёқдими?

Обуна билан реклама бўлмайди

Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

Изоҳлар0

…

  1. Футбол академиялари учун Skaut: тўлов, давомат ва ота-она билан алоқа энди битта тизимда
  2. Тошкентдан Америкага: Нурмухаммад Исмоилов Akinda орқали ҳалол инвестицияни глобал миқёсга олиб чиқмоқда
  3. Автосервисингизни рақамлаштиринг: Bip Business билан мижозларни йўқотманг
  4. Машина ойнасига рақам ёзиш хавфлими? Bip ҳайдовчилар учун янги ечим топди!
  5. 8 та кенг тарқалган молиявий хато: нималардан сақланиш керак?
  6. Playmatch: майдон эгалари ишини анча енгиллаштиради
  7. Playmatch: футбол ўйнаш учун керакли барча хизматлар битта иловада
  8. Кундалик харажатлар учун картани қандай танлаш мумкин?
  9. Элдор Шомуродов футбол академияси ва TBC Bank: болалик орзуларидан катта футболгача
  10. ANORBANK Бўстонлиқдаги 168-сон мактаб-интернат тарбияланувчиларини табриклади
  11. Ҳайдовчилар ва ташувчилар учун ОСГОП суғуртасининг афзалликлари...
  12. Pure Milky’дан навбатдаги креатив: Ҳар қадам — азиз инсонларга меҳр билан!
  13. Кредит олиш имкониятини ошириш учун қаерда ишлаш керак?
  14. Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг
  15. Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!
  16. XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?