
Германиянинг шарқий қисмида жойлашган Айзенхюттенштадт шаҳри аҳолини кўпайтириш ва янги фуқароларни жалб этиш мақсадида бетакрор ташаббусни амалга оширмоқда. Шаҳар маъмурияти маълум қилишича, хоҳловчиларга 2025 йил сентябрь ойида икки ҳафтанинг ўзида тўлиқ жиҳозланган турар жойлар бепул тақдим этилади.
Айзенхюттенштадт Берлиндан 96 километр узоқликда, Польша билан чегарага яқин жойлашган. Мазкур ташаббус “Режаларни ҳозирдан тузинг” деб номланган инновацион иммиграция дастури доирасида амалга оширилмоқда. Бу орқали шаҳарни қайта тиклаш, инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли сонини кўпайтириш мақсад қилинган.
Маъмуриятнинг билдиришича, дастур асосан доимий яшаш учун кўчиб келишни ўйлаётган малакали мутахассислар, фрилансерлар ва ўз бизнесига эга инсонларга қаратилган. Иштирокчилар 6 сентябрдан 20 сентябргача шаҳардаги ҳаёт, меҳнат бозори, инфратузилма ва имкониятлар билан танишиш имконига эга бўлади.
Айзенхюттенштадт — тарихий ва иқтисодий жиҳатдан аҳамиятли шаҳар. 1950 йилда Шарқий Германия давлати томонидан асос солинган ва аввалроқ Сталинштадт номи билан танилган. Германия бирлашганидан сўнг ном ўзгариб, ҳозирги ҳолатига келган. Шаҳарда социалистик даврдан қолган архитектура намуналари ҳалигача сақланиб қолган бўлиб, улар тарихий ёдгорлик сифатида рўйхатга олинган.
Айни вақтда бу ерда 24 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади ва шаҳарда Германиянинг энг йирик пўлат заводларидан бири фаолият юритади. Заводда 2500 киши доимий иш билан таъминланган бўлиб, шаҳар иқтисодиётида муҳим ўрин тутади.
Шу тариқа, Германиядаги ушбу ташаббус нафақат янги истиқоматчиларга, балки иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга ҳам туртки бериши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар