
Яқин Шарқдаги тинчлик яна синовда. 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрон ҳудудига қатор ҳарбий зарбаларни бошлади. Ҳужумнинг асосий нишонлари уранни бойитиш марказлари, баллистик ракета базалари, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбарияти ҳамда ядро соҳасидаги етакчи олимлар бўлди. Бу кенг кўламли ва яхши синхронлаштирилган операция оқибатида ядро дастуридаги етакчи мутахассислар, шу жумладан Абдулҳамид Манучеҳр, Аҳмадризо Зулфиқорий ва бошқалар ҳалок бўлгани тасдиқланди.
Reuters агентлигининг маълум қилишича, бу ҳужумларда камида 20 нафар юқори мартабали ҳарбий амалдор ва олим йўқ қилинган. Исроил қирувчи самолётлари махсус равишда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳаво-космик қўмондонлиги йиғилиш ўтказаётган марказга зарба берди. Зарба натижасида Амир Али Ҳожизода, Тоҳир Пур ва Довуд Шайхиён каби қўмондонлар нобуд бўлди.
Исроил разведкасига кўра, Натанздаги асосий уран бойитиш корхонаси бутунлай йўқ қилинган. Бушер ва Фордодаги иншоотларга эса зарар етмаган. Шу билан бирга, зарбалар Теҳроннинг айрим турар жой ҳудудларига ҳам етиб борди. 50 киши тан жароҳати олган, уларнинг 35 нафари аёллар ва болалар эканлиги маълум қилинди.
Эрон Қизил Ярим ой ташкилоти маълумотига кўра, 12 вилоятда 100 нафарга яқин фуқаро жабрланди. Уларнинг 95 нафари шифохонага ётқизилган, бир қутқарувчи ҳалок бўлди. Зарбаларда 200 дан ортиқ қирувчи самолёт иштирок этган, жами 330 та турли ракета ва бомба ишлатилгани, 100 дан зиёд нишон йўқ қилингани хабар қилинмоқда.
Эрон жавобан юзлаб дронларни ҳавога кўтарди. Улар Исроил ҳаво маконига етиб бормасидан АҚШ, Буюк Британия ва Иордания кўмагида Ироқ ва Сурия осмонида йўқ қилинди. Ҳозирча Эрон томонидан баллистик ракеталар қўлланилмади. Исроил ҳукумати бошпаналарда туриш буйруғини бекор қилди.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу операцияни "жуда муваффақиятли" деб атади. Бироқ у ҳар бир урушнинг ўз нархи борлигини таъкидлади. У халққа руҳан тайёр бўлиш, бошпаналар яқинида бўлиш ва зарур озиқ-овқат заҳира қилишни тавсия қилди.
Исроил фуқаро авиацияси учун ҳаво маконини ёпди. Маҳаллий авиакомпаниялар ўз самолётларини Европага кўчира бошлади. Шунингдек, синагогларда шаббат ибодатлари бекор қилинди. Яҳудий жамоалари хавфсизлиги кучайтирилди. Миллий хавфсизлик штаби Исроил фуқароларига ташқи давлатларда яҳудий рамзларини ошкора кўрсатмасликни тавсия қилди.
АҚШ расмийлари Исроил операциясида иштирок этмаганини таъкидламоқда. Давлат котиби Марко Рубио бу операция ҳақида хабардор бўлишганини, аммо фақат ўз кучларини ҳимоя қилишга йўналтирилганини маълум қилди. Доналд Трамп ҳам бу ҳужумни "сюрприз эмас" деб баҳолаб, Эронни музокаралар столига қайтишга чақирди.
Эрон бу ҳужумлар ядро дастури ва ракета салоҳиятини янада кучайтириш зарурлигини исботлади, деб ҳисобламоқда. Расмий Теҳрон Эроннинг ядровий ҳуқуқлари борасида қатъийроқ позицияга ўтди. Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Исроил ҳужуми ортида АҚШ борлигини таъкидлади. Олий раҳбар Али Хоминаий эса Исроилни қаттиқ жазо кутмоқда, деди.
Халқаро жамоатчилик барча тарафларни вазминликка чақирмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитой расмийлари вазият кескинлашмаслиги лозимлигини таъкидлашди. Туркия, Саудия Арабистони ва Ўмон эса Исроилнинг бу ҳаракатини кескин қоралади.
Бу эскалация келгусида минтақадаги барқарорликни жиддий таҳдид остига қўяди. Ҳужумлар ва жавоб зарбалари қай даражада кенгайиши номаълум. Аммо бир нарса аниқ — Яқин Шарқ яна хавфли босқичга қадам қўймоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар