
15 июнга ўтар кечаси Яқин Шарқдаги вазият янада изидан чиқди — Исроил ва Эрон ўртасида кескин тўқнашув авж олди. Ҳар икки томон ҳам ракета ва дрон зарбалари билан бир-бирини нишонга олгани ҳақида расмий ахборот тарқатди. Эрон давлат телевидениеси маълумотига кўра, бу кеча давомида 100 дан ортиқ ракета ва турли дронлар учирилди, асосий нишонлар сифатида Исроилнинг Тел-Авив ва Ҳайфа шаҳарлари танланган.
Исроил мудофаа армияси ҳам айни пайтда ракета ҳужуми қайд этилганини ва мамлакат бўйлаб хавфсизлик сиреналари ишга тушганини билдирди. Ҳаво тревогаси нафақат Исроил шаҳарларида, балки қўшни Иордания пойтахти Оман шаҳрида ҳам янгради. Ҳужум бошланганидан кейин бир соат ўтиб, Исроил армияси фронторти қўмондонлиги аҳолига бошпаналарни тарк этишга рухсат берди — бу вазиятнинг жиддийлигидан дарак беради.
Турар жой бинолари вайрон бўлди, қурбонлар сони ортмоқда

CNN телеканали Исроил ёнғин-қутқарув хизматидаги манбага таяниб, мамлакат марказидаги кўплаб турар жой бинолари Эрон зарбалари оқибатида жиддий шикастланганини маълум қилди. Айниқса, Дан шаҳридаги саккиз қаватли бино ва шу ҳудуддаги яна бир кўп қаватли уйга катта зарар етган. Расмий маълумотларга кўра, Ғарбий Галилей ҳудудидаги икки қаватли уйга зарба бериш оқибатида 20-30 ёшлар оралиғидаги бир аёл ҳалок бўлган, яна етти киши шифохонага олиб борилган.
Маҳаллий ахборот агентликларининг хабар беришича, Эрон томонидан зарбалар икки тўлқинда амалга оширилган ва Ҳайфа шаҳри ўққа тутилиши оқибатида беш киши ҳалок бўлган, 20 киши турли жароҳатлар олган. Яҳудия тоғолди ҳудудида эса 24 киши жароҳатланган. Тел-Авивда ҳам вазият жиддий — 65 киши турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган, уларнинг уч нафари оғир аҳволда, 5 нафарининг аҳволи ўрта оғир, қолганлари енгил жароҳат олган.
Шфела ҳудудида эса яна 28 киши жароҳатлангани маълум қилинди.
Жаҳон ҳамжамияти ташвишда
Мазкур воқеалар замирида Яқин Шарқдаги мураккаб геосиёсий вазият ва минтақавий қарама-қаршиликлар ётади. Бир кеча давомида юз берган ушбу ҳужумлар нафақат қурбонлар ва вайрона биноларга, балки минглаб инсонларнинг тинчлигига ҳам жиддий таҳдид солмоқда. Жаҳон ҳамжамияти бу можаронинг янада кенгайиши ва янги қурбонларга олиб келмаслигини умид қилади.
Вазият ривожи ва расмийларнинг янги баёнотлари эса кейинги соатларда Яқин Шарқдаги вазият қандай тус олишини белгилаб беради. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар