Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиёдов 79 ёшида вафот этди

Бугун, 23 сентябрь куни қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига кўп йилларини бағишлаган таниқли фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиёдов 79 ёшида вафот этди. Президент унинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Парда Зиёдов 1947 йилда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида туғилган. Самарқанд қишлоқ хўжалиги техникумида агроном мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Ҳарбий хизматдан сўнг меҳнат фаолиятини жамоа хўжалигида табелчи сифатида бошлаб, кейинчалик бригада бошлиғи ва бошқа масъул лавозимларда ишлаган.
У 2003–2018 йилларда Шароф Рашидов туманидаги “Қуёшсевар Парда” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб, пахтачилик ва ғаллачиликда ўз тажриба мактабини яратган. Шунингдек, кўп йиллар давомида ёшларга устозлик қилиб, қишлоқ хўжалиги соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшган.
Парда Зиёдов 1990–1995 йилларда Олий Мажлис депутати, 2005–2015 йилларда эса Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган. У кўп йиллар давомида вилоят ва туман Кенгашлари депутати сифатида ҳам фаолият юритган.
Унинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб тақдирланиб, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган.
Президент таъзия хатида Парда Зиёдовни мамлакат қишлоқ хўжалигининг ёрқин намоёндаси, меҳнат фахрийси, самимий ва камтарин инсон сифатида ёдга олган.






























Изоҳлар 0
…