
Россия Федерацияси қуролланиш соҳасида янги босқичга қадам қўймоқда. Президент Владимир Путиннинг маълум қилишича, мамлакатда ўрта масофали “Орешник” баллистик ракетасининг серияли ишлаб чиқарилиши бошланган. Унинг таъкидлашича, бу замонавий ракета жанг майдонларида ўзининг юқори самарадорлигини намоён этган.
“Армия ва флотни техник жиҳатдан модернизация қилиш – устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, ядровий триадани янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратамиз”, – деди Путин. Унинг қайд этишича, 2025 йилда Россия стратегик ракета қўшинлари учун янги “Ярс” ракеталари ва модернизациядан ўтказилган Ту-160М ракета ташувчи самолётлари етказиб берилади.
“Орешник” ракетаси эса Россиянинг ҳарбий арсеналидаги сўнгги техник ютуқлардан бири бўлиб, унинг серияли ишлаб чиқарилиши мамлакатнинг стратегик имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Путин ушбу ракетани “жанговар шароитларда ўзини жуда яхши кўрсатган” деб таърифлади.
Ҳарбий-денгиз флоти ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Россия флоти таркибига янги авлод юқори аниқликдаги қуроллар билан жиҳозланган кемалар ва сувости кемалари киритилиши режалаштирилган. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Ғарб давлатлари ва НАТОнинг босими Россияни ҳимоя қобилиятини янада мустаҳкамлашга мажбур қилмоқда.
“НАТО янги дастурлар орқали ҳарбий салоҳиятини кенгайтирмоқда, бунда альянсга аъзо давлатлар ўз харажатларини кескин оширмоқда. Натижада, глобал қуролланиш пойгаси янада кучаймоқда”, – деди Путин.
Маълумот учун, Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълумотларига кўра, 2025 йил бошига келиб Россия 592 та стратегик ракета ташувчига эга. Улар орасида 206 та “Ярс”, 78 та “Топол-М”, 34 та “Авангард” ва 34 та “Воевода” ракеталари бор.
Ҳар бир “Ярс” ракета тўртта 250 килотонна қувватга эга жанговар каллак билан жиҳозланган. Бундай арсенал мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти ва суверенитет кафолати сифатида хизмат қилмоқда.
Россия томонидан амалга оширилаётган бу кенг қамровли модернизация дунёдаги ҳарбий мувозанатга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Маҳаллий ва халқаро таҳлилчилар эса мазкур жараёнларни диққат билан кузатишда давом этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар