
Киевда мамлакат мудофаа соҳасида мисли кўрилмаган воқеа рўй берди — икки нафар хитойлик, Украинадаги «Нептун» ракеталарини ишлаб чиқаришга оид махфий ҳужжатларни мамлакатдан олиб чиқиб кетишга уринаётган пайтида ушланди. Бу ҳақда мамлакат хавфсизлик хизмати ўзининг расмий баёнотида маълум қилди.
Хабарларга кўра, жосусликда гумонланаётганлардан бири — Киевдаги техник университетнинг 24 ёшли собиқ талабаси. Гарчи у 2023 йилда расман ўқишдан ҳайдалган бўлса-да, турли сабаблар билан Киевда қолган ва тахминларга кўра, сўнгги ойларда Украина мудофаа саноати билан боғлиқ яширин маълумотларни йиғиш билан шуғулланган. Унинг отаси эса ўғлининг фаолиятини бевосита мувофиқлаштириш учун мунтазам Украинага ташриф буюриб турган.
Махсус хизматлар маълумотига кўра, хитойлик ёш йигит Украинада қурол ишлаб чиқариш тизимида ишловчи маҳаллий фуқаронинг эътиборини тортиб, уни махфий маълумотлар билан таъминлашга кўндиришга уринган. Бироқ хавфсизлик ходимлари унинг ҳаракатларини кузатиб борган ва техник ҳужжатларни топшириш вақтида уни ушлаб қолишга муваффақ бўлган. Шу пайтда унинг отасига ҳам операция уюштирилиб, у ҳам ушланган. Терговчиларнинг маълумотига кўра, ушбу ҳужжатлар Хитой махсус хизматларига топширилиши керак бўлган.
Текширув ва тинтув жараёнида ҳар икки гумонланувчининг телефонлари мусодара қилинган ва уларда жосуслик фаолиятига доир муҳим далиллар аниқланган. Расмий баёнотга кўра, айбловлар тасдиқланса, иккисини ҳам 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кутмоқда.
Бу воқеа Украинада 2022 йилда Россия билан уруш бошланганидан буён биринчи марта қайд этилмоқда. Reuters агентлигининг таъкидлашича, шу вақтга қадар хитойлик фуқаролар ушбу тоифадаги жиноят билан ушлангани рўйхатда бўлмаган. Хитойнинг Киевдаги элчихонаси ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.
«Нептун» ракетаси Украина қуролли кучларининг стратегик қуролига айланган. Бу ракеталар 900 км/соат тезликда учиб, 300 километргача масофани босиб ўта олади. 2022 йилда шу турдаги ракета Россиянинг Қора денгиз флоти флагмани — «Москва» крейсери йўқ қилинишида ҳал қилувчи роль ўйнаган эди.
Бу воқеа Украинада хавфсизлик ва мудофаа тизимида жиддий назорат ва ҳимояга бўлган эҳтиёж янада ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Ҳар қандай янги технология, айниқса, ракета ва қуролсозлик соҳасидаги инновациялар доимо жаҳон разведка марказларининг диққат марказида бўлиб келган.
Ҳозир барча кўзлар Украина хавфсизлик хизмати ва суд тизимида: ушбу иш қандай якун топади ва халқаро муносабатларда қандай акс-садо беради — вақт кўрсатади. Аммо маълумки, ҳозирги замонавий жаҳонда махфий маълумотлар ва технологиялар учун кураш йилдан-йилга қаттиқлашмоқда.
Келгусида яна қандай шов-шувли воқеалар кузатилиши мумкинлигини вақтнинг ўзи кўрсатади, аммо Украинада содир бўлган бу воқеа бугунги кунда ҳамма учун сабоқ бўлиб қолади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар