
Жанубий Кореяда сиёсий майдон яна шиддат билан қизиб бормоқда. Мамлакатнинг собиқ президенти Юн Сок Ёлга нисбатан янада жиддий чора кўрилди — Сеул шаҳри суди уни иккинчи марта ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди, деб хабар берди Yonhap агентлиги.
Бу қарор мамлакатда шов-шувли ҳарбий ҳолат иши бўйича қабул қилинди. 2024 йил декабрида Юн Сок Ёл мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этган эди ва бу ҳолат нафақат парламент, балки жамоатчилик томонидан ҳам қаттиқ танқид қилинган. Натижада, у импичментга учради ва 2025 йил январ ойида ҳибсга олинди. Аммо, март ойида суд уни ҳибсдан озод этганди.
Лекин тергов тугамади. 2025 йил 6 июл куни Жанубий Корея махсус прокуратураси суддан яна ордер сўради ва бу сафар бешта жиддий айблов илгари сурилди. Улар орасида Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ваколатларини четлаб ўтиш, расмий ҳужжатларни сохталаштириш ва ҳарбий ҳолат ҳақида ёлғон ахборот тарқатиш каби ҳолатлар мавжуд.
Айбловлар жуда оғир. Махсус прокурорлар фикрича, Юн Сок Ёл мамлакатда конституциявий тузумни бузишга уриниш орқали қонунни топтаган. Судя эса унинг далилларни йўқ қилиш эҳтимоли юқори эканини таъкидлаб, ҳибс ордерини берди.
Айни пайтда собиқ президент Сеулдаги қамоқхонада сақланмоқда ва у суднинг кейинги қарорини кутмоқда. Унга нисбатан исён ва бошқа оғир айбловлар билан боғлиқ иш кўриб чиқилишда давом этяпти.
Юн Сок Ёл ва унинг ҳимоячилари эса айбловларни рад этиб, бу ишни сиёсий қатағон сифатида баҳоламоқда. Бироқ суд органлари ва махсус терговчилар ишга жиддий ёндашмоқда. Яқин ҳафталарда бу масала яна юрт ва халқаро сиёсий майдонда энг муҳокамали мавзулардан бирига айланиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар