Боғчада болани ток уриши ортидан мансабдорлар жавобгарликка тортилиши мумкин

Фарғона шаҳридаги 66-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида болани юқори кучланишли электр токи уриши ортидан бир қатор мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.
Ҳодиса 2026 йил февраль ойида содир бўлган. Жиноят иши доирасида суд тарбиячи, "Фахр" корхонаси иш юритувчиси ҳамда электр таъминоти корхонаси электромонтёрини ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганликда айбли деб топган. Уларга тегишли жазолар тайинланган. Шунингдек, жабрланган боланинг қонуний вакилига 45 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундириш белгиланган.
Боланинг отаси суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. У ҳодисага алоқадор деб ҳисоблаган бошқа масъул шахслар ҳам жавобгарликка тортилиши кераклигини билдирган.
Апелляция инстанцияси боғча раҳбари, "Фахр" корхонаси раҳбари ҳамда электр таъминоти корхонаси мансабдорларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли материалларни прокуратурага юборган.
Эндиликда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилади. Айни пайтда боланинг отаси тафтиш тартибида ҳам шикоят киритган.































Изоҳлар 0
…