Украина ҳукумати узоқ масофага мўлжалланган янги “Flamingo” қанотли ракета синовини муваффақиятли амалга оширди. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Зеленский 20-август куни журналистлар билан учрашувда маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур ракета Украина ракета дастуридаги энг самарали ва кучли лойиҳалардан бири ҳисобланади.
DW нашрининг ёзишича, “Flamingo”нинг учиш масофаси 3 минг километрга тенг. Зеленский бу натижа мамлакат мудофаа соҳаси учун катта ютуқ бўлганини қайд этди. Аммо у ҳозирча ракета хусусиятлари тўлиқ ошкор қилинмаслигини, маълумотлар фақат юзтадан ортиқ ракета амалда ишлатишга тайёр бўлгач эълон қилиниши мумкинлигини билдирган.
Ракеталарнинг оммавий ишлаб чиқарилиши 2025 йил декабрида ёки 2026 йил бошида бошланиши режалаштирилган. Украина ҳукумати янги қуролни ишлаб чиқиш орқали мамлакат мудофаа қудрати сезиларли даражада ортишига ишонмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!