Бельгия ҳукумати сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Максим Прево баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, Бельгия бу қарор орқали Буюк Британия, Франция, Канада ва Австралия қаторига қўшилади. Шу билан бирга, Исроилга нисбатан қатор кескин чоралар — «қатъий санкциялар» жорий этилиши кутилмоқда. Улар орасида Ғарбий соҳилдаги яҳудий посёлкаларидан маҳсулот импортини тақиқлаш ва суд жараёнларини бошлаш имконияти ҳам бор.
Исроил ТИВ ва Бельгиядаги элчихона ҳозирча бу хабарга жавоб бермади. Бироқ аввалроқ Исроил ташқи ишлар вазирлиги Лондоннинг Фаластинни тан олиш режасини «ҲАМАС учун мукофот» деб баҳолаганди.
Июль ойида Британия бош вазири Кейр Стармер шундай қарор қабул қилиш шартларини баён этган:
-
Исроил Ғазодаги оғир вазиятни тўхтатиш учун амалий чора кўриши шарт;
-
оташкесимга рози бўлиши лозим;
-
икки давлатли ечим имкониятини қайта йўлга қўйиши зарур;
-
БМТнинг гуманитар ёрдам етказишига рухсат берилиши керак;
-
Ғарбий соҳилда янги аннексияларга йўл қўйилмаслиги шарт.
БМТ Бош Ассамблеяси Нью-Йоркда 9 сентябрдан бошланади. Ирландия, Испания ва Норвегия аллақачон Фаластинни давлат сифатида тан олган. 2024 йил март ҳолатига кўра эса, БМТнинг 193 аъзосидан 147 таси Фаластинни расман давлат деб эътироф этган.
Шу орада Исроил молия вазири Бецалел Смотрич Ғарбий соҳилда янги турар-жой посёлкаси қуриш режасини эълон қилди ва бу қадам «Фаластин давлатчилиги ғоясини бутунлай йўққа чиқаради», дея таъкидлади.
Бундан ташқари, АҚШ давлат котиби Марко Рубио Фаластин маъмурияти ҳамда Фаластин Озодлик Ташкилоти (ФОТ)нинг 81 вакилининг визасини бекор қилди. Бу уларнинг БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш имкониятини чеклайди.
Қайд этиш жоизки, 1947 йилги БМТ келишувига кўра, АҚШ хорижий дипломатларни Нью-Йоркдаги йиғилишларга киришини таъминлаши шарт. Бироқ Вашингтон хавфсизлик ва ташқи сиёсат сабабларини кўрсатиб, визани рад этиш ҳуқуқига эга.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!