4 сентябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда технология соҳасидаги йирик компаниялар раҳбарлари учун кечки овқат ташкил этди. Бироқ меҳмонлар орасида Tesla, SpaceX ва Х платформаси асосчиси Илон Маскнинг йўқлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди. Euronews тарқатган хабарга кўра, Маск аввалроқ мазкур зиёфатга таклиф қилинганини, бироқ шахсий сабабларга кўра қатнашмаганини маълум қилди.
Президент Трамп стол атрофида жамланган нуфузли меҳмонлар ичида Meta раҳбари Марк Цукерберг, Microsoft асосчиси Билл Гейтс, Apple бош директори Тим Кук, OpenAI раҳбари Сэм Алтман каби саноатнинг машҳур вакиллари билан суҳбат қурди. У ўз нутқида сунъий интеллект йўналишида олиб борилаётган ишлар ва АҚШ иқтисодиётига киритилаётган сармоялардан фахрланиб, «Бу мамлакатимизни янги босқичга олиб чиқади», дея таъкидлади.
Учрашув чоғида Трамп ҳар бир компания раҳбаридан мамлакат тараққиёти учун сармоя миқдорини сўраб, қизиқа бошлади. Марк Цукерберг ва Тим Кук 600 миллиард доллар атрофидаги кўрсаткичларни тилга олди. Google’нинг Alphabet холдингини бошқарувчи Сундар Пичаи 250 миллиард долларлик сармоя ҳақида айтиб ўтди. Microsoft раҳбари Сатя Наделла эса компания йилига 80 миллиард долларгача инвестиция киритишини маълум қилди. Трамп бу рақамларни «жуда яхши натижа» сифатида баҳолади.
Зиёфатда IBM президенти Арвинд Кришна, Code.org асосчиси Кэмерон Уилсон, Oracle раҳбари Сафра Кац, Blue Origin директори Дэвид Лимп, Palantir раҳбари Шям Санкар ва Scale AI асосчиси Александр Ванг каби қатор бошқа таниқли шахслар ҳам қатнашдилар.
Оқ уйнинг тасдиқлашича, мазкур тадбир Трампнинг технологик компаниялар билан муносабатларидаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири сифатида қайд этилди. Меҳмонлар томонидан билдирилган фикрлардан кўриниб турибдики, улар мамлакатда инновация ва ривожланиш истиқболларига катта умид боғламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!