date

Ҳолландияда дарахт танаcи севимли кутубхонага айланди

Ҳолландияда дарахт танаcи севимли кутубхонага айланди

Голландиянинг тинч ва оромли Руурло қишлоғида ноодатий ташаббус амалга оширилди. Бир неча асрлардан буён қишлоқ аҳли учун тарихий тимсол бўлиб келган каштан дарахти қуришни бошлади. Аввалбошда аҳоли уни кесиб ташлаш ҳақида ўйлади, чунки қуриган дарахтдан фойда бўлмас, деган фикрлар айтилди. Аммо маҳаллий дурадгор Рене Брунс бу ҳолатга бошқача ёндашди.

Унинг ғояси шундан иборат бўлдики, қўни-қўшнилар учун хизмат қиладиган жамоавий кутубхона яратиш мумкин эди. Шу мақсадда у дарахт танасини қайта ишлаб, унга иккинчи ҳаёт бахш этди. Брунс бир неча кичик бўлмачалар ясаб, уларни сувга чидамли шиша эшикчалар билан ёпди ва апельсин рангга бўяб, ажойиб кўриниш берди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун у деярли уч ой вақт сарфлади. Меҳнатнинг самараси эса қишлоқ аҳлини қувонтирди — янгича шаклдаги “очиқ осмон остидаги кутубхона” ўз фаолиятини бошлади.

Қўшнилар ўз уйларидан турли китоблар, болалар учун асарлар, қўлланмалар ва ҳикояларни олиб келишиб, кутубхона жавонларини тўлдиришди. Бу ташаббус нафақат ёшлар, балки катталар учун ҳам маънавий ҳордиқ чиқариш, билим олиш ва қишлоқ аҳли билан мулоқот қилиш масканига айланди.

Айни пайтда Руурлодаги ушбу дарахт кутубхонаси қишлоқнинг энг севимли жойларидан бири бўлиб қолди. У нафақат китобхонликни ривожлантиришга, балки атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва ижтимоий ҳамжиҳатликка хизмат қилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳолландияда дарахт танаcи севимли кутубхонага айланди