Европа Иттифоқининг еттита давлати — Эстония, Латвия, Литва, Финландия, Полша, Руминия ва Болгария яқин кунларда Европа комиссияси ҳамда Украина билан биргаликда янги ва долзарб ташаббус — “дронлар девори” яратиш масаласини муҳокама қилади. Еврокомиссия вакили Томас Рененинг айтишича, бу масала бўйича онлайн учрашув 26 сентябр куни бўлиб ўтади.
Европа комиссияси расмийси таъкидлаганидек, кейинги ойларда айрим ЕИ давлатлари ҳудудларида Россия билан боғлиқ таҳдидлар кескин кўпайди. «Руминия ва Полша ҳудудида ҳужумлар ва ҳаводан кириш ҳолатлари аллақачон содир бўлгани» — деб қайд этди Рене. Шу боис Европа мамлакатлари хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча чоралар кўриш зарурлигини таъкидлашмоқда.
Шунингдек, Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам яқинда Европа парламентида сўзга чиқиб, ЕИ Украинага ҳарбий ва стратегик кўмак кўрсатишни давом эттиришини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «Украина зукколигидан фойдаланиб, жанг майдонида ва қўшма саноатлаштиришда устунликка эришиши керак». Шу мақсадда Европа Иттифоқи “дронлар иттифоқи” ташаббусини йўлга қўйиши, уни молиялаш учун эса 6 миллиард евро ажратилиши кутилмоқда.
Фон дер Ляйеннинг фикрича, ЕИ ўзининг шарқий чегараларини мустаҳкамлаш учун Болтиқбўйидаги ҳамкорларининг чақириқларига жавоб қайтариши шарт. У 1 октябр куни Копенҳагенда ўтадиган ЕИ етакчиларининг норасмий саммитида “дронлар девори”ни молиялаштириш масаласини қайта кўриб чиқиши кутилмоқда.
Кескинликнинг кучайишига асосий сабаб сифатида 19 сентябр куни содир бўлган ҳолат келтирилади: учта рус ҳарбий самолёти Эстония ҳаво ҳудудини бузиб кирди ва улар Италиянинг F-35 қирувчи самолётлари томонидан ушлаб қолинди. Бу эса ЕИнинг хавфсизлик сиёсатида янги чоралар кўриш зарурлигини яна бир бор кўрсатди. Шу билан бирга, айни ойда Польша ҳам Россия дронлари ўз чегараларини бузганини маълум қилган эди.
Шунингдек, Литва Еврокомиссия Таллин ва Вилнюснинг 12 миллион евролик қўшма лойиҳасини ёзда рад этганини эслатди. Бироқ Россиянинг кейинги ҳаракатлари бу ташаббуснинг қанчалик долзарб эканини янада равшан кўрсатмоқда.
Европа Иттифоқи ва Украина ўртасидаги янги маслаҳатлашувлар нафақат хавфсизлик соҳасида, балки умумий стратегик ҳамкорликда ҳам муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!