БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессияси дунё сиёсий майдонида яна бир муҳим воқеага саҳна бўлди. Индонезия президенти Прабово Субианто 23 сентябр куни Ню-Йоркдаги минбардан туриб Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш учун ўз юрти катта қадам ташлашга тайёр эканини билдирди.
Индонезия раҳбарининг таъкидлашича, агар БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бош ассамблея расмий қарор қабул қилса, мамлакат кўп томонлама тинчликпарвар кучлар таркибида 20 мингдан ортиқ аскарини юборишга тайёр. «Икки давлат ҳақидаги қарор орзу бўлиб қолмаслиги, балки амалиётда рўёбга чиқиши керак», – деди Прабово Субианто. Унинг фикрича, Индонезия БМТнинг тинчликпарвар миссияларида тажрибали давлат сифатида Ғазода ҳам муҳим ўрин тутиши мумкин.
Маълумот учун, Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган Индонезия дунёдаги энг йирик мусулмон давлати ҳисобланади. Бу мамлакат аҳолисининг 85 фоизини ташкил этувчи 270 миллионга яқин киши ислом динига эътиқод қилади.
Сессия давомида дунё етакчилари Ғазодаги оғир вазиятни яна бир бор ёдга олдилар. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған нутқида Исроилнинг шафқатсиз ҳаракатларини кескин қоралаб, ҳар куни болалар ҳалок бўлаётганини таъкидлади. «2-3 яшар маъсум болаларнинг қўл-оёқсиз қолиши оддий ҳолга айланди. Дунё етакчилари, инсоният истиқболи учун мазлумларни ҳимоя қилиш вақти келди!» – деди у қаттиқ қайғу билан.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўз нутқида бу фожиага алоҳида тўхталиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади. У БМТ резолюцияларига мувофиқ, «икки халқ – икки давлат» тамойилини амалга оширишни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.
Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган қонли можарода 65 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 166 мингдан зиёд инсон яраланган. ЮНИСЕФнинг қайд этишича, фақатгина сўнгги 22 ой ичида 18 мингдан кўп бола ҳаётдан кўз юмган.
БМТ комиссияси яқинда Исроилнинг ҳаракатларини геноцид сифатида баҳолади. Шунингдек, B'Tselem ва Physicians for Human Rights каби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам Нетаняҳу ҳукуматини тинч аҳолига қарши жиноятларда айблаб чиқишди. Улар тайёрлаган ҳисоботда минглаб болалар, аёллар ва кексаларнинг ўлдирилиши, уйларнинг йўқ қилиниши, шифохоналар вайрон қилиниши ва ҳатто очарчилик келиб чиққани ҳақида батафсил ёритилган.
Халқаро ташкилотлар эса ҳозирги кунда ҳам Ғазода тинч аҳоли қурбонлари кескин кўпайиб бораётганини, минглаб одамлар етишмовчилик, очлик ва касалликлар туфайли ҳалок бўлаётганини огоҳлантириб келмоқда. Бу эса бутун инсоният учун катта имтиҳон экани шубҳасиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!