date

Қуёшда уч ойдан бери энг кучли чақнаш юз берди

Қуёшда уч ойдан бери энг кучли чақнаш юз берди

Коинот оламининг сири ва қудрати яна бир бор инсон зеҳнини ҳайратга солди. 28 сентябрь куни Қуёш юзасида сўнгги уч ой ичида қайд этилган энг йирик чақнаш содир бўлди. Бу ҳақда Коинот тадқиқотлари институтининг Қуёш астрономияси лабораторияси маълумот тарқатди.

Олимлар қайд этишича, Тошкент вақти билан 13:43 да Қуёшнинг шарқий чекка қисмида М6.4 синфидаги кучли импульсив чақнаш рўй берди. Бу ҳодиса 19 июндан буён кузатилган барча фаолликлардан кучлироқ бўлиб, орадан уч ойдан ортиқ вақт ўтгач, Қуёшда энергиянинг кескин портлаши сифатида қайд этилди.

Чақнаш ўзидан олдин кузатилган фаолликнинг ошиши билан боғлиқ бўлди. Хусусан, 26 сентябрь оқшомидан бошлаб Қуёш юзасида чақнашлар сони кўпайди. 27 сентябрь куни эса бор-йўғи 24 соат ичида 19 марта чақнаш аниқланган. Олимлар бу жараённинг сўнгги босқичида фаоллик пасайиб, энергия захираси камайиб бораётгани ҳақида хулоса қилганди. Аммо 28 сентябрда қайд этилган янги кучли чақнаш бу тахминларни йўққа чиқарди.

Мутахассислар ҳодисанинг Ерга таъсири ҳақида ҳануз турли қарашларга эга. Лаборатория изоҳида қайд этилишича, воқеа чоғида катта миқдорда плазма коинотга отилган. Бироқ уларнинг дастлабки тезлиги Қуёш тортишиш кучини енгиш учун етарли бўлмаган. Демак, отилган моддалар сайёралараро фазога қочиб чиқолмайди ва қисқа вақт ичида яна Қуёш юзасига қайтиб тушиши мумкин. Шу сабабли, олимлар “Қуёш ботишида плазмадан иборат ёмғир” эҳтимоли борлигини айтишмоқда.

Астрономлар таъкидлашича, бу каби ҳодисалар коинотдаги умумий энергетик мувозанатга ҳам, Ер атрофидаги фазо об-ҳавосига ҳам маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳозирча Ерда салбий оқибатлар қайд этилмаган бўлса-да, кузатувлар давом эттирилмоқда.

Шу тариқа, Қуёшда содир бўлган навбатдаги йирик чақнаш инсониятга коинотнинг қанчалик қудратли ва назоратдан ташқари жараёнларга бой эканини яна бир бор ёдга солди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қуёшда уч ойдан бери энг кучли чақнаш юз берди