Қуёшда кучли чақнашлар бошланди: фаоллик кескин ошди

25 августга ўтар кечаси Қуёшда кучли чақнашлар қайд этилди. Олимларнинг таъкидлашича, бундай портлашлар келгусида Ерда геомагнит бўронлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Қуёш астрономияси лабораторияси маълумотларига кўра, ярим тундан бошлаб Қуёш фаоллиги кескин ошган. Хабар эълон қилинган пайтга келиб, М даражасидаги учта кучли чақнаш кузатилган. Улар беш поғонали таснифда юқори даражадаги портлашлар қаторига киради.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Қуёш юзасида кутилмаганда йирик фаол марказ яна фаоллашган. Энг эътиборлиси, ушбу марказ айни вақтда Ерга қараган Қуёш дискининг марказий қисмида жойлашган. Шу сабабли ундан юз бериши мумкин бўлган кучли портлашлар Ерга бевосита таъсир кўрсатиши эҳтимоли мавжуд.
Мазкур Қуёш доғлари гуруҳи мутахассислар томонидан қарийб бир ҳафтадан бери кузатиб келинаётган эди. Бироқ сўнгги кунларда унинг фаоллиги сезиларли даражада пасайгани сабабли марказ энергиясини сарфлаб бўлган, деган тахмин пайдо бўлган. Янги чақнашлар эса бу фаразни инкор этди.
Ҳозирча Қуёшдан Ер томон плазма отилиб чиқиши ёки геомагнит бўрон бошланиши бўйича аниқ прогноз берилмаган. Шунга қарамай, бундай ҳодиса эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Олимларнинг таъкидлашича, ҳозирча энг кучли даражадаги чақнашлар қайд этилмаган. Шу боис вазиятни тарихий рекорд даражадаги ҳодиса сифатида баҳолашга асос йўқ. Бироқ яқин кунларда Қуёш фаоллигининг қандай ривожланиши диққат билан кузатилади.
Мутахассислар айнан 25 август куни вазиятнинг вақтинчалик фаоллик эканлиги ёки чақнашлар янада кучайишини аниқлаш нуқтаи назаридан муҳим бўлишини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…