Олимлар хавотирда: Қуёш исталган дақиқада кучли портлаши мумкин

Олимлар хавотирда: Қуёш исталган дақиқада кучли портлаши мумкин

Олимлар Қуёшдаги фаоллик сўнгги кунларда кескин кучайганини маълум қилди. Мутахассислар фикрича, ҳозирги вазият исталган вақтда янада хавфли тус олиши мумкин. Айниқса, энг юқори даражадаги Қуёш портлаши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.

Россия Фанлар академияси Космик тадқиқотлар институти ҳузуридаги Қуёш астрономияси лабораторияси маълумотига кўра, сўнгги 24 соат ичида Қуёшда жами 17 та чақнаш қайд этилган. Бу аввалги кунлар билан солиштирганда анча юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир кун аввал 8 та, ундан олдинги кунда эса атиги 5 та чақнаш кузатилган. Бугун эрталаб эса М синфига мансуб иккита кучли чақнаш рўй берди. Энди олимлар энг юқори — X синфидаги портлаш содир бўлиш эҳтимолини истисно қилмаяпти.

Ерга қараб турган улкан фаол ҳудуд

Астрономлар ҳозирги фаол ҳудудни жорий йил февраль ойида кузатилган 4366-сонли Қуёш доғлари гуруҳи билан таққосламоқда. Ўша пайтда бир нечта кучли портлаш, жумладан, 2026 йилнинг энг йирик X8.1 даражали чақнаши қайд этилган эди.

Олимларнинг қайд этишича, бу галги вазият бироз ғайриоддий. Чунки 2026 йилнинг энг катта фаол ҳудуди айнан Ер томонга қараб турган бўлса-да, ҳозирча унда X синфига мансуб кучли портлаш содир бўлмаган.

Бироқ мутахассислар бу хотиржамлик узоқ давом этмаслиги мумкинлигини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, кучли портлаш исталган дақиқада бошланиши эҳтимоли мавжуд.

Нега олимлар хавотирда?

Маълум қилинишича, ушбу фаол ҳудуд иккита йирик Қуёш доғлари гуруҳидан ташкил топган бўлиб, улар ягона магнит тизими орқали ўзаро боғланган. Бу эса улкан энергия тўпланишига шароит яратмоқда.

Астрономлар таъкидлашича, бундай мураккаб магнит тизимларини аниқ башорат қилиш жуда қийин. Сабаби, магнит майдонининг катта қисми Қуёш юзаси остида жойлашгани учун уни тўлиқ кузатиш имкони йўқ.

Шу боис вазият кутилмаган йўналишда ривожланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Қуёш портлашлари қандай хавф туғдиради?

Қуёш чақнашлари кучига қараб A, B, C, M ва X синфларига бўлинади. Энг кучлиси X синфи ҳисобланади.

Бундай кучли портлашлар Ер магнит майдонига таъсир қилиб, магнит бўронларини юзага келтириши мумкин. Бу эса электр тармоқларида носозликлар, радиоалоқа ва навигация тизимларида узилишлар, айрим ҳолатларда эса саноат объектларида электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Шунингдек, олимлар магнит бўронлари қушлар ва ҳайвонларнинг табиий миграция йўналишларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар