Сунъий интеллект 20 йил олдин ўғирланган ноёб асарни топди

Сунъий интеллект 20 йил олдин ўғирланган ноёб асарни топди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Италия полицияси 2004 йилда Сулмона шаҳридаги черковдан ўғирланган ХВИИ асрга оид ноёб картинани сунъий интеллект ёрдамида топди.
  • Ўғрилар асарнинг диний мазмунини яшириш учун унга ўзгартиришлар киритган бўлса-да, махсус тизим расмнинг асл қиёфасини аниқлашга муваффақ бўлди.
  • Мазкур натижага 2024 йил октябр ойида Парма шаҳрида ўтказилган кўргазма-ярмарка давомида эришилди.

Италия полицияси сунъий интеллект ёрдамида 2004 йилда черковдан ўғирланган XVII асрга оид ноёб картинани топишга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, ўғрилар асарнинг асл қиёфасини яшириш мақсадида унга ўзгартиришлар киритган бўлса-да, махсус сунъий интеллект тизими расмнинг дастлабки кўринишини аниқлай олди.

Картина 2004 йил 11 август куни Неаполь яқинидаги Сулмона шаҳрида жойлашган Virgo Potens черковидан ўғирланган эди. Кейинчалик унинг ҳақиқий шахсини яшириш учун тасвир қайта ишланган. Жумладан, диний рамзлар олиб ташланган ёки ўзгартирилган ва асар оддий ёш аёл портретига ўхшатиб қўйилган.

Шунга қарамай, сунъий интеллект тизими картинадаги ранглар, нақшлар ва композиция ўртасидаги ўхшашликларни аниқлади. Асарнинг асл диний мазмунини ифодаловчи оқ қўзи, муқаддаслик белгиси бўлган нимб ва пальма шохи каби муҳим деталлар ўзгартирилган ёки бутунлай ўчирилганига қарамасдан, тизим унинг дастлабки кўринишига оид белгиларни топишга муваффақ бўлди.

Муҳим натижага 2024 йил октябрь ойида Италиянинг Парма шаҳрида ўтказилган антиквариат буюмларининг анъанавий кўргазма-ярмаркаси давомида эришилди. Ўша пайтда полиция ходимлари турли санъат асарларини суратга олиб, уларни махсус маълумотлар базасига киритаётган эди. Бир неча соат ўтгач, сунъий интеллект тизими қўлида қоғоз варағини ушлаб турган ёш аёл тасвирланган шубҳали картинани аниқлади.

Кейинги текширувлар натижасида ушбу асар аслида 20 йил аввал черковдан ўғирланган муқаддас Агнес тасвири экани маълум бўлди. Ўғрилар картинанинг диний мазмунини яшириш ва унинг асл келиб чиқишини билдирмаслик учун тасвирни атайлаб ўзгартирган эди.

Италия полицияси ўғирланган санъат асарларини аниқлашга қаратилган сунъий интеллект тизимини ишлаб чиқишни 2020 йилда бошлаган. Stolen Works of Art Detection System деб номланган ушбу тизим эса 2023 йил ноябрь ойида расман ишга туширилган.

Тизим фаолияти бошланганидан буён 300 дан ортиқ йирик ўғирланган санъат асари ва ҳайкални, шунингдек, бошқа турдаги 165 мингдан зиёд буюмни топишга ёрдам берган. Улар орасида тангалар, медаллар, хатлар, қўлёзмалар, диний буюмлар, маркалар ва турли карточкалар ҳам бор.

Расмий маълумотларга кўра, аниқланган ва қайтариб олинган барча буюмларнинг умумий қиймати 203 миллион евродан ошади. Бундан ташқари, тизим интернетдаги очиқ манбалар, онлайн аукционлар ва тижорат веб-сайтларида жойлаштирилган тасвирларни ҳам мунтазам равишда таҳлил қилади. Бу орқали ўғирланган бўлиши мумкин бўлган буюмларни аниқлаш ва уларнинг изига тушиш имконияти яратилади.

Мутахассислар сунъий интеллект ўғирланган санъат асарларини қидириш ва уларни аниқлашда самарали воситага айланганини таъкидламоқда. Бироқ уларнинг фикрича, бу технология инсон омилига асосланган тергов жараёнлари ва давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Шунингдек, сифатсиз суратлар, асарларнинг нусхалари ва уч ўлчамли буюмларни аниқлаш ҳануз технология учун қийинчилик туғдирмоқда.

Орадан 20 йилдан ортиқ вақт ўтгани сабабли, мазкур картинанинг ўғирланиши бўйича энди ҳуқуқий жараёнларни бошлаш имкони қолмаган. Шунга қарамай, асар 2025 йил 20 май куни черковга қайтарилган. Энди уни қайта тиклаш ишлари амалга оширилиши, шундан сўнг эса картина аввалги жойига қўйилиб, яна намойиш этилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар