Италияда 5 миллион евролик 30 минг шиша вино ўғирланди

Италияда 5 миллион евролик 30 минг шиша вино ўғирланди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Италиянинг Тоскана вилоятида жойлашган Марчеси Антинори вино корхонасидан умумий қиймати 5 миллион евро бўлган 30 минг шиша қимматбаҳо вино ўғирлаб кетилди.
  • Ниқоб таққан етти нафар шахс хавфсизлик тизимини ўчириб, Тигнанелло, Солаиа ва Гуадо ал Тассо каби машҳур виноларни икки юк машинасига ортиб олиб кетган.

Италиянинг Тоскана вилоятида жойлашган вино ишлаб чиқарувчи корхона омборидан умумий қиймати 5 миллион евро бўлган 30 минг шиша вино ўғирлаб кетилди. Ҳодиса кўлами ва ўғирланган маҳсулотлар қиймати сабабли ушбу жиноят Италия тарихидаги энг йирик вино ўғриликларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 4 октябрига ўтар кечаси Италиядаги энг қадимий вино ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири — Marchesi Antinori омборида содир бўлган. Ниқоб таққан етти нафар эркак хавфсизлик сигнализациясини ўчириб, Tignanello, Solaia ва Guado al Tasso каби машҳур винолар жойланган қутиларни иккита йирик юк машинасига ортиб, ҳодиса жойидан олиб чиқиб кетган.

Эътиборлиси, ўғрилик корхона хориждаги мижозларига ўзининг энг қиммат виноларидан ташкил топган катта партияни жўнатишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда содир этилган. Нашр маълумотларига кўра, ўғирланган виноларнинг бир шишаси чакана савдода 150 евродан 500 еврогача баҳоланади. Шу боис жиноятчилар қўлга киритган маҳсулотнинг умумий қиймати жуда катта миқдорни ташкил этади.

Маълум қилинишича, жиноят жараёни кузатув камераларига ҳам муҳрланган. Айни пайтда полиция ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Бироқ ҳозиргача гумонланувчиларнинг шахси аниқланмаган ва улар қўлга олинмаган.

Marchesi Antinori бош директори Ренцо Котарелла ўғирланган виноларни топишга ҳали ҳам умид борлигини билдирган. Унинг таъкидлашича, бундай катта миқдордаги юкнинг изсиз йўқолиб қолиши қийин. Шунингдек, у қимматбаҳо маҳсулотларни жаҳон бозорида эътиборни тортмасдан сотиш осон бўлмаслигини айтган.

«Биз ҳали ҳам виноларни топишга умид қиляпмиз. Иккита юк машинаси шунчаки изсиз йўқолиб қолмайди. Бу винолар жуда қимматли. Бундай катта миқдордаги маҳсулотни бутун дунё бўйлаб эътиборни тортмасдан қандай сотиш мумкинлигини тасаввур қила олмайман», — деган Ренцо Котарелла.

Компания вакилларининг фикрича, мазкур ҳодиса Италия тарихидаги энг йирик вино ўғриликларидан бири ҳисобланади. “Financial Times” эса ўғирланган шишалар сони ва маҳсулотнинг умумий қийматини инобатга олганда, бу жиноят нафақат Италияда, балки бутун дунёдаги энг йирик вино ўғриликларидан бири бўлиши мумкинлигини қайд этган.

Италияда вино ўғриликлари аввал ҳам содир бўлган. Бироқ бундай жиноятларга қўл урган шахслар, одатда, Мишлен юлдузларига эга ресторанлар ҳамда қимматбаҳо винолар сақланадиган махсус ертўлаларни нишонга олишган. Аммо 2026 йил ёзидан бошлаб жиноятчиларнинг эътибори вино ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳам қаратила бошлаган.

Жумладан, Banfi di Montalcino вино заводининг Пьемонт вилоятидаги омборидан 3 минг шиша Alta Langa виноси ўғирланган. Компания вакиллари ўғрилар маҳсулотларни тасодифан танламаганини, балки шишаларни синчковлик билан саралаб, нима қилаётганини яхши билган ҳолда ҳаракат қилганини таъкидлашган.

Шунингдек, сентябрь ойида тўрт нафар ўғри Conterno Fantino вино заводига ҳам ҳужум қилиб, у ердан 3 минг шиша Barolo виносини олиб кетган. Сўнгги ҳодисалар Италияда қимматбаҳо винолар ишлаб чиқарувчи корхоналар омборлари ҳам ўғрилар нишонiga айланаётганини кўрсатмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар