
Технология оламининг йирик иштирокчиси IBM яқин йилларда инсон ресурсларини қисман сунъий интеллект (AI) агентлари билан алмаштириш режасини амалга ошира бошлади. Компания раҳбари Арвинд Кришна бу ҳақда The Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу қарор нафақат компания ичидаги ислоҳот, балки бутун технология бозоридаги янги босқични англатади, деб ёзади Bloomberg.
Кришна сўзларига кўра, IBM инсон ресурслари бўлимидаги бир неча юзлаб ходимларнинг вазифаларини энди AI агентлари бажаради. Бу воситалар ишга қабул жараёнлари, маълумотномаларни текшириш, ходимларнинг бўлимлар ўртасида кўчиши ва маъмурий ҳисоботлар каби вазифаларни автоматлаштиради.
“Биз сўнгги уч йил ичида сунъий интеллектни жорий этиш бўйича улкан ишлар қилдик. Бу фақат вақтни тежаш эмас, балки самарадорликни ошириш имконияти ҳамдир. Айрим вазифаларни AI бажаради, аммо бу ишсизликни англатмайди — аксинча, бошқа бўлимларда янги кадрлар учун имконият очилмоқда”, — деди IBM раҳбари.
Маълумотларга кўра, IBM бэк-офис бўлимларида 26 мингга яқин ходим ишлайди ва уларнинг тахминан 30 фоизи сунъий интеллект билан алмаштирилиши мумкин. Бу дегани, қарийб саккиз мингга яқин иш ўрнига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, компания техник йўналишларда, жумладан, муҳандислик ва AI ишланмалари бўйича етти мингдан ортиқ янги мутахассисни қабул қилган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бу қадам IBM учун стратегик йўналиш ҳисобланади — компания сунъий интеллектни иш жараёнларига чуқур интеграция қилиш орқали рақобатбардошлигини сақлаб қолишга интилмоқда. Бироқ, мутахассислар бу жараён инсон омилини бутунлай четга чиқариш хавфини ҳам келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидламоқда.
Сўнгги ойларда шундай тенденция фақат IBMда эмас, балки бошқа техногигантларда ҳам кузатилмоқда. Масалан, Amazon октябрь ойида ярим миллионга яқин ходимни нейротармоқлар билан алмаштириш ниятини билдирган. Бу эса бутун дунёда “AI орқали иш ўринларини қисқартириш” тенденциясини янада тезлаштирди.
Бироқ, AI жорий этилиши ҳар доим ҳам муваффақиятли натижа бермаётгани қайд этилмоқда. Harness компанияси ҳисоботига кўра, сунъий интеллектни иш жараёнларига татбиқ этган ташкилотларнинг 45 фоизи код хатоларига дуч келган, 72 фоизи эса нейротармоқ ишлаб чиққан код туфайли кутилмаган муаммоларни бошдан кечирган.
MIT тадқиқоти ҳам шундай хулосага келган: сунъий интеллектни жорий этган компанияларнинг фақат 5 фоизи даромаднинг ошганини қайд этган, қолганлар эса айтарли фарқ сезмаган. Бу эса технологиянинг ҳали ҳам тўлиқ ишончли эмаслигини англатади.
Шунга қарамай, IBM раҳбариятининг фикрича, AI — бу келажакнинг ажралмас қисми. “Биз сунъий интеллектни инсон тажрибасини тўлдирувчи, унинг имкониятларини кенгайтирувчи восита сифатида кўрамиз. У инсонни эмас, унинг меҳнатини самаралироқ қилади”, — деди Арвинд Кришна.
Экспертлар таъкидлашича, яқин йилларда AI нафақат техник соҳаларда, балки бошқарув, маркетинг ва ҳатто таълим каби йўналишларда ҳам инсон меҳнатини қисман алмаштириши мумкин. Шу билан бирга, бу жараён янги касблар, янги имкониятлар ва янги талаблар пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлади.
Шундай қилиб, IBMнинг бу қарорини айримлар ишсизлик хавфи сифатида кўрса, бошқалар уни технологик ривожланиш ва самарадорлик йўлидаги навбатдаги босқич деб баҳоламоқда. Бир нарса аниқ — сунъий интеллект энди иш жойларида янги қоидалар яратмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.