
Бельгиялик Лоран Симонс 15 ёшида иккинчи докторлик даражасини қўлга киритди. У аввал 12 ёшида биринчи диссертациясини ҳимоя қилган. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, Лоран саккиз ёшида мактаб аттестатини олган ва 11 ёшида магистратурани тамомлаган. Ҳозирда Германиянинг Мюнхен шаҳридаги Гелмголтс марказида учинчи илмий даража устида ишламоқда. Симонснинг тадқиқотлари тиббиёт ва сунъий интеллект ўзаро интеграциясини ўрганишга бағишланган.
Симонснинг охирги диссертацияси назарий квант физикасига қаратилган бўлиб, у аввал экспериментал физика бўйича диссертация ҳимоя қилган. Лораннинг таъкидлашича, унинг фотографик хотираси ва мураккаб ҳодисаларни тезда аниқлаш қобилиятига эга экани ёрдам беради.
Лораннинг ота-онаси унинг ғайриоддий қобилиятлари ёшлигидан намоён бўлганини таъкидладилар. У тўрт ёшида мактабда ўқишни бошлаган ва олти ёшида гимназияга ўқишга кирган. Саккиз ёшида имтиҳон топширган, тўққиз ёшида университетга ўқишга кирган ва 12 ёшида Макс Планк институтидаги энг ёш докторантлардан бири бўлган.
Шунингдек, Лоран Рим папаси билан учрашган, Нобель мукофоти совриндорлари билан мулоқотда бўлган ва дунёдаги етакчи илмий марказларида нутқ сўзлаган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.