Украина ва Россия навбатдаги асирлар алмашинувини ўтказди

Россия ва Украина ўртасида навбатдаги кенг кўламли асирлар алмашинуви амалга оширилди. Томонлар 300 га 300 формуласи бўйича келишувга эришиб, ўз ҳарбийларини ватанига қайтарди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди ва Россия Мудофаа вазирлиги ҳам мазкур жараённи тасдиқлади.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, озод этилганлар орасида 300 нафар ҳарбий хизматчидан ташқари икки нафар тинч аҳоли вакили ҳам бор. Уларнинг аксарияти узоқ вақт давомида, айримлари эса 2022 йилдан буён асирликда сақланаётган эди. “Наш виход” ҳаракати координатори Ирина Крининанинг таъкидлашича, қайтарилган ҳарбийларнинг бир қисми 2024 йилда, қолганлари эса 2025 йилда асирга тушган.
Россия Мудофаа вазирлиги ушбу жараён АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликлари воситачилигида ўтганини маълум қилди. Ҳозирда Россияга қайтган ҳарбийлар Беларусь ҳудудида бўлиб турибди. Таъкидлаш жоизки, бу икки давлат ўртасидаги ягона алмашинув эмас. Бир кун аввал, 5 март куни томонлар “200 га 200” формуласи бўйича ҳам асирларни алмашган эди. Бундан олдинги шундай жараён эса 2026 йил февраль ойи бошида кузатилган бўлиб, унда 157 нафардан ҳарбий ўз юртига қайтарилганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!